Темурийлар даври маликаси томонидан ёзилган Қуръон қўлёзмаси аниқланди


Ўзбекистондаги халқаро маданий мерос ҳафталиги доирасида бир қатор  янгиликлар, кашфиётлар ҳам эълон қилинмоқда.

Жумладан, мазкур ҳафталикда иштирок этаётган туркиялик тадқиқотчи, Истанбул университети профессори, доктор  Эмек Ушенмез ҳам бир қатор янги лойиҳиларни илгари сурди. Шунингдек Э.Ушенмез Туркияда Амир Темур авлодидан бўлган малика Шодмалик Хотун қўли билан ёзилган  Қуръони карим қўлёзмаси ҳақида маъруза қилди. 

“Ушбу қўлёзма ҳижрий 871, милодий 1467 йилда кўчирилган, - дейди Эмек Ушенмез. - Қўлёзма қаерда кўчирилгани ҳозирча  маълум эмас. У айни пайтда Истанбулдаги Турк ва ислом асарлари музейида сақланмоқда. Қўлёзманинг хотимасида араб тилида  ушбу Қуръони карим Муҳаммад Султон мирзо қизи Шодмалик қўли билан кўчирилгани айтилган. Шунингдек, Шодмаликнинг отаси Муҳаммад Султон, бобоси Жаҳонгир, катта бобоси Амир Темур Кўрагон экани битилган. 

Маълумки Амир Темур 1402 йилда  усмонийлар султони  Йилдирим Боязидга қарши жангда тўнғич набираси Муҳаммад Султонни ҳам ўзи билан олиб боради. Шаҳзода Амир Темурнинг катта фарзанди Жаҳонгир Мирзонинг ёлғиз ўғли бўлгани учун уни ўз тахтининг вориси сифатида кўрарди. Бироқ, Муҳаммад султон Анқара жангида оғир ярадор бўлади. 1403 йилда 28 йилда Афён-Қораҳисор вилояти яқинида вафот этади. Шаҳзоданинг жасади  дастлаб Султонияда, кейинчалик Самарқандга келтириб дафн этилади. Маълумотларга кўра, Муҳаммад Султондан 12 нафар фарзанд қолган. Улардан бири Давлат Султондан дунёга келган қизи Шодмалик  Султон эди.

Ушбу Қуръони карим нусхасидан маълум бўладики, Шодмалик Султон мазкур қўлёзмани ўз қўли билан ёзиб тугаллаган пайти 65-70 ёшлар оралиғида бўлган. Эътиборлиси, шу пайтга қадар темурий маликалар орасида Қуръони карим хаттотлиги билан шуғулланган аёллар ҳақида маълумот топилмаган. Бу қўлёзма нафақат диний-маърифий, балки тарихий нуқтаи назардан ҳам муҳим қўлёзма экани таъкидланмоқда.