Сурхондарёдаги Узундара қалъаси туристик масканга айлантирилади
Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган қадимий Узундара манзилгоҳи юнон ва маҳаллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган ноёб ёдгорликдир. Сувсиз тоғ чўққисида барпо этилган ушбу қалъа Бақтрия ва Сўғд чегарасидаги стратегик аҳамиятга эга мудофаа объекти бўлган. Ушбу мураккаб мудофаа тизимига Дарбанд ва бошқа ҳимоя деворлари ҳам кирган бўлиб, чегара хавфсизлигини таъминлаган.
Узундара қалъаси маъмурий ва ҳарбий марказ сифатида фаолият юритган. Қалъа деворлари ўзига хос горельеф ва геральдик тасвирлар билан безатилган бўлиб, бу ерда чегара отрядлари ўз фаолиятларини олиб борган. Археологик қазишмалар натижасида қалъада Александр Македонскийнинг бошига шер тасвирли ниқоб туширилган кумуш драхма тангаси топилган. Шунингдек, Антиох I даврига мансуб турли тангалар ҳам қазиб олинган бўлиб, бу ердаги молиявий ва сиёсий ҳаёт ҳақида маълумот беради.
Қалъанинг ташқарисида алебастр қоришмаси билан қопланган тош тахтачалар, тўлиқ ванналар ва чўмилиш косалари топилган. Булар қалъа гарнизони ҳаёти ва маданияти ҳақида кенг маълумот беради. Археологик тадқиқотлар ҳозирда Ўзбекистон ва Россия Фанлар академиялари ҳамкорлигида давом эттирилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида архиологик ёдгорликни қайта тиклаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Лойиҳада – Узундаранинг қайта реконструкция қилиниб, туристик манзилга айлантирилиши режалаштирилган.