Минг асрлар ичра пинҳон тарихни ўрганувчи марказ


Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Шарқ Ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” мавзусидаги Ўзбекистон маданий мероси ҳафталигининг тантанали ёпилишига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Унда юртимиз ва хорижлик олимлар, экспертлар, музейшунослар, реставраторлар, ёзувчи ва шоирлар, дин соҳаси вакиллари, кутубхоначилар, талаба-ёшлар, муаллимлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, таниқли шарқшунос олим Баҳром Абдуҳалимов модераторлик қилган ушбу анжуманда дунёда кечаётган бугунги таҳликали ва зиддиятли жараёнларда башариятга исломнинг маърифий ғоясини тўғри етказиш, буюк аждодларимизнинг меросини чуқур ўрганиш масаласи нечоғли долзарб ва муҳим экани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ушбу маърифий ҳафталик катта муваффақият билан ўтказилганини алоҳида эътироф этди.

– Бугун дунё майдонида юз бераётган глобал муаммоларнинг ечими қадриятлар, маданиятлар, динимизнинг эзгу ғояларини тарғиб этиш билан боғлиқ, – деди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. – Эзгу қадриятларнинг емирилиши халқлар ўртасидаги тушунмовчиликларга, зиддиятларга олиб келаётганини замоннинг ўзи кўрсатмоқда. Ҳафталик турли эзгу ғоялар, ташаббуслар, лойиҳалар учун муҳим платформа вазифасини бажарди. Бундай мега лойиҳалар, улар доирасидаги анжуман ва кўргазмалар, тақдимотлар, илмий изланишлар тарих учун эмас, келажак учун ҳам жуда муҳимдир.

Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли математик олим Шавкат Аюпов Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази заминимиздан етишиб чиққан алломаларнинг мероси, фаолиятини жаҳонга кенгроқ танитишда, маърифий соҳани равнақ топтиришда, ёшлар тафаккурини юксалтиришда улкан аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Тошкентнинг ўртасида бундай марказнинг ташкил этилгани сизнинг ким эканлигингизни тушунтириши билан бирга менинг ҳам кимлигимни янада теранроқ англашимга ёрдам берди, – деди таниқли тарихшунос, исломшунос олим, Оксфорд университети профессори Фархон Низомий. – Бу марказ ўтмиш билан бирга келажак учун қандай тайёргарлик кўриш зарурлигини ҳам эслатади. Ўзбек олимлари ўз кашфиётлари билан дунёнинг катта қисми ривожи учун залворли ҳисса қўшганлар. Биз сиздан кўп нарсаларни олдик, ўргандик ва бурчдор эканимизни дилдан англамоқдамиз.

Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази муқаддас ислом динининг эзгу ва тинчликпарвар, маърифатпарвар ғояларини тўғри тушунтиришга йўналтирилганини юксак баҳолади ва Ўзбекистон ўтган етти йиллар давомида бу йўналишда бошқа давлатларга намуна бўлишга арзигулик улкан қадамлар қўйганини қайд этди.

– Эркин Воҳидовнинг 1960 йилларда ёзган “Ўзбегим” шеъри мен учун ғоят қадрли, – деди туркиялик олим Эмек Ушенмез. – “Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, Ўзбегим” деб бошланувчи ушбу қасидани ёддан биламан. Ислом цивилизацияси маркази ҳам минг асрлар ичра пинҳон тарихни ўрганиш, ошкор этиш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда. 2017 йилдан буён Ўзбекистонга келиб-кетаяпман. Бу юрт мен учун ота-Ватан. Ўзбеклар – дунёдаги энг меҳмондўст, ўтмиши Ўрхун хатига, қадим-қадим замонларга туташ бўлган оқкўнгил халқ. Кўп йиллар аввал Ўзбекистонни харитадан топиш қийин эди. Бугун эса Ўзбекистондек табаррук диёрга бутун дунёдан минглаб олимлар, оддий сайёҳлар келишни орзу қилмоқда.

Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиевнинг фикрича, ушбу марказ ва умуман мамлакатимизда кечаётган маърифий янгиланиш жараёнлари миллатимизни уйғотиш учун ғоят муҳимдир. Эътироф этилганидек, миллий тарихимизга, маданиятимиз ва санъатимизга доир мероснинг жуда катта қисми, қадимий қўлёзмалар ҳали ўзининг мукаммал тадқиқотини, кўплаб изланишларни, ўрганишларни кутмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Ислом цивилизацияси марказини ташкил этишдек ғояси эса бу йўлдаги шарафли, ғоят масъулиятли, саодатли, улкан қадамдир.

– Ушбу ҳафталик барчамизни Президентимизнинг эзгу маърифий ғоялари атрофида бирлаштирди, – деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. – Марказ учун жуда муҳташам бино барпо этилди. Айни пайтда унинг ички қисмини бой ва сермазмун контент билан тўлдириш долзарбдир. Ҳафталик давомида ана шу контент учун тақдим этилган лойиҳалар, маърифий ғоялар, изланишлар, замонавий технологияларни ўзида мужассам этган ишланмалар билан батафсил танишишга муваффақ бўлдик.

 

Айтиш керакки, бир ҳафта давомида пойтахтимиздаги музейлар, Фанлар академияси таркибидаги институтлар, Ислом цивилизацияси маркази, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва бошқа маърифат даргоҳларида юртимиз ва хорижлик олимларнинг 30 дан ортиқ мулоқоти, анжуманлари, Қуръони Каримнинг турли даврларга оид нусхалари, қадимий қўлёзмалар, бадиий асарларнинг кўргазмалари ташкил этилди. Ислом цивилизация маркази фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 200 дан ортиқ ғоя ва таклифлар билдирилди. Устоз адабиётшунослар, фаннинг турли йўналишларида Ўзбекистон обрўсига обрў қўшаётган олимлар, чет эллик нуфузли мутахассислар исломнинг маърифий зиёси, аждодларимиз меросини ўрганишга доир ўзаро фикр алмашди. Хорижлик меҳмонлар юртимиздаги янгиланиш жараёнлари, ислоҳотларни ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлди.

Бир сўз билан айтганда, “Шарқ Ренессанси феномени: давлатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги хорижлик меҳмонлар учун ҳам, Ислом цивилизация марказининг фаолиятини такомиллаштириш учун ҳам, тадқиқотчи, талаба-ёшлар, соҳа вакилларининг мулоқоти учун ҳам жуда фойдали, самарали, натижадор, мазмунли бўлди.

Назокат Усмонова,

ЎзА мухбири