Меморандум имзоланди


17 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда “Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Бобохоновлар сулоласи тарихимизнинг оғир бир йилларида, яъни Шўролар даврида исломни сақлаб қолиш, юксак маънавият ва маърифатимизга оид манбаларни келгуси авлодга етказиш йўлида хизмат қилди. Муфтийлар Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ва Шамсуддинхон ибн Зиёвуддинхонлар мамлакатимиз тарихида, динимиз ва маънавиятимиз тарихида ёрқин из қолдирдилар.

Бобохоновларга тегишли қўлёзма ва тошбосма асарлар, тарихий ҳужжатлар ва ашёларни оила аъзолари томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига беғараз тақдим этилгани тўғрисида аввал хабар қилинган эди.

Бугун имзоланган меморандум мазмунига кўра, Бобохоновлар жамоатчилик фонди, Ислом цивилизацияси маркази ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг “IRCIСA” - Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази  Бобохоновларга тегишли илмий манбаларнинг изоҳли фиҳристини яратадилар.

Ислом цивилизацияси маркази шон-шуҳрат йўлаги ва “Марказий Осиёда ислом” бўлимларида Бобохоновлар сулоласи фаолияти атрофлича ёритилиши кўзда тутилган. Сулоланинг илмий фаолияти бўйича тадқиқотлар олиб борилиши режалаштирилган.

Меморандум бандлари ижроси бўйича махсус илмий-ижодий гуруҳ тузилди.