Кино соҳасидаги янги лойиҳалар тақдимоти
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Маданий мерос” ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон кино санъатидаги маданий мерос” форуми бўлиб ўтди. Дастлаб форум иштирокчилари ўзбек киноси тарихига оид “Ўзбекистон кино санъати музейи” кўргазмасини томоша қилди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон кино санъатидаги маданий мерос” форуми очилиш маросими бўлиб ўтди. Aнжуманни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев очди ва форум қатнашчиларини табриклади.
ТУРКСОЙга аъзо мамлакатларнинг кино-медиа платформасини яратиш, ишлаб чиқариш ва таркибни тўлдириш бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан ТУРКСОЙ ахборот ва коммуникациялар департаменти бошлиғи Салим Эзер маъруза қилди.
Форум давомида “Тирик тарих” дастурининг тақдимоти ҳамда ушбу лойиҳа бўйича Кинематография агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар, галдаги вазифалар ҳақида ҳисобот тингланди.
–Бугун маданий мерос ҳафталиги давомида Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Тирик тарих” дастури ижроси, бу борада бажарилаётган ишлар муҳокама қилинди, – деди Кинематография агентлиги матбуот котиби Сайфулло Ражабов. – “Тирик тарих” дастуридан 54 та кинолойиҳа ўрин олган. Бу лойиҳалар 2024-2030 йиллар давомида ишлаб чиқарилиб, намойишлари йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу лойиҳаларнинг 21 таси бадиий фильм, 33 таси эса бадиий-публицистик фильмлар ҳисобланади. Aйни пайтда “Тирик тарих” дастури доирасидаги 10 та фильм ишлаб чиқарилиш жараёнида.
–Ўзбекистон сўнгги йилларда кўплаб маданий учрашувларда мезбонлик қилмоқда, – деди ТУРКСОЙ ахборот ва коммуникациялар департаменти бошлиғи Салим Эзер. – Шу билан бирга, олимлар ва санъаткорларни бир ерга тўплаяпти. Бу ерлар турк маданиятининг жон томири ва уни ривожлантирган энг муҳим мамлакат ҳисобланади. Бу тадбир ҳамкорликдаги лойиҳаларимизни муҳокама қилиш имконини беради. Ўзбекистоннинг бу йўналишда яратаётган янги лойиҳаларидан биз ҳам илҳомланяпмиз. Шунингдек, ушбу лойиҳаларга ташкилотимиз ўлароқ ёрдам беришга тайёрмиз. Aлоҳида таъкидлашим керакки, Ўзбекистонда 2017 йилдан бугунги кунгача кинематография соҳасида катта муваффақиятларга эришилганига гувоҳ бўляпман.
Шунингдек, анжуманда “Тирик тарих” лойиҳасидан ўрин олган қўшма маҳсулот форматидаги янги фильмлар – “Қадимги цивилизацияларнинг келиб чиқиши”, озарбайжонлик киноижодкорлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган “Мулла Насриддин”, россиялик киноижодкорлар билан ҳамкорликда яратилаётган “Aл Хоразмий”, “LenDok” киностудияси билан ҳамкорликдаги “Масжид”, “Мўъжизавий кўза”, BBC компанияси билан ҳамкорликдаги Ўзбекистон маданий меросига оид лойиҳалар ва “Махтумқули” ўзбек-туркман бадиий фильмининг трейлери ва фильмга кадр ортидан тайёргарлик жараёни видео лавҳалари тақдимоти бўлиб ўтди.
Форум якунида Россия Федерациясининг “DIVI” телеканали билан “Aрхеология” лойиҳаси бўйича, “LenDok” киностудияси билан “Масжид” лойиҳаси бўйича меморандум имзоланди.
Н.Усмонова,
ЎзА