Америка Қўшма Штатларига ташриф.
Жорий йилнинг 19-26 май кунлари Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов билан бирга АҚШда хизмат сафарида бўлди. Ўзбекистон делегацияси АҚШ Давлат департаменти, Америка инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси, АҚШ Тинчлик институтида музокаралар ўтказдилар, диний эркинликлар соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчи С.Браунбэк, АҚШ Хельсинки комиссияси бошқаруви раҳбари А.Жонсон, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши жанубий ва шарқий Осиё бошқармаси директори Л.Кёртис, АҚШ вице-президентининг махсус маслаҳатчиси М.Катрон, сенаторлар ва АҚШ Конгресси аъзолари билан учрашдилар. Америка Тинчлик институтида ташкил этилган давра суҳбати ва конфессиялараро ифтор тадбирларида иштирок этдилар.
Шунингдек, муфтий У.Алимов ва Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров “Муҳаммад” Вашингтон марказий масжиди имоми Талиб Шариф ва Даллас мусулмонлари жамоаси маркази раиси имом Мажид билан учрашдилар. Учрашувлар ва давра суҳбатлари жараёнида Америка томонига Ўзбекистонда халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига амал қилиш, диндорлар, жумладан диний озчиликларнинг виждон эркинликларини тўла таъминлаш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида фактларга асосланган маълумот етказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари тақдимотлари ўтказилди.
АҚШ ташқи сиёсатининг шаклланишида муҳим ўрин тутувчи доиралар вакиллари, сенаторлар Блаумбэрг ва Келли, Конгресс аъзолари, АҚШ Тинчлик институти директори ҳамда диний ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистонда Президент Ш.Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги икки йил ичида диний эркинликларни таъминлаш бўйича амалга оширилган ижобий ишлар юқори баҳоланди.
Америка мусулмонлари вакиллари ва уларнинг етакчилари имом Талиб Шариф ва Имом Муҳаммад билан учрашувлар самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази тақдимоти Америка мусулмонларида катта қизиқиш уйғотди. Жорий йилнинг ноябрь ойида мамлакат мусулмонларидан биринчи гуруҳи Ўзбекистонга зиёрат сафарини уюштириши тўғрисида келишиб олинди