Али Қушчининг ўғлига тегишли асар Ўзбекистонга келтирилди


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига буюк олим Али Қушчининг ўғли Қози Абдураҳмон қаламига мансуб "Равнақ-ул бўстон" асарининг факсимиле нусхаси олиб келинди. Ушбу асарнинг асл нусхаси  Аё София кутубхонасида сақланмоқда. 2000 йил Анқарада нашр қилинган китоб сўнгида асл нусхасининг факсимилеси ҳам илова қилинган. Китоб Марказга Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез томонидан тақдим этилди.

"Равнақ-ул бўстон" боғдорчиликка бағишланган бўлиб, унда меваларни етиштириш, сақлаш ва ниҳолларни парваришлаш бўйича қимматли тавсиялар берилган. Асарни ўзбек тилига таржима қилиш ишлари филология фанлари бўйича докторлар Алимардон Ҳайитов ва Хусрав Ҳамидов томонидан бошлаб юборилди.  

2024 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) делегацияси Туркиянинг Истанбул шаҳрига хизмат сафари уюштирган эди. Сафар давомида Истанбулдаги музейлар, кутубхоналар ва олий ўқув юртларига ташриф буюрилди. У ерда Ўзбекистон тарихига оид экспонатлар ва нодир қўлёзмалар ўрганилди.  

Али Қушчи Самарқандийнинг ўғли Қози Абдураҳмон Афанди қаламига мансуб “Равнақ-ул бўстон” асарини ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда факсимиле нусхаси билан бирга жорий йилда нашр этиш режалаштирилган.