Мюнстер университети ҳайъатининг Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига ташрифи
Юртимизда Ўзбекистон ТИВ ва Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ҳамкорликда ташкил этган дастур доирасида Германиянинг Мюнстер университети ҳайъати меҳмон бўлди. 10 сентябр куни меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида раис ўринбосари И.Иномов ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Ф.Ҳалимовлар томонидан қабул қилиндилар.
Катта илмий салоҳиятга эга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўз тараққиётини ошира бориб, Мюнстер университети каби дунёнинг етакчи илмий марказлари билан алоқа ўрнатмоқда. Ушбу университет Германиянинг энг йирик университетларидан бири бўлиб, ундаги 15 факультетда 44,5 мингдан зиёд талаба таҳсил олади, 120 турдаги ўқув фанлари ўқитилади ва 5700 нафар олим ишлайди. Шунингдек 30 та илмий марказ фаолият юргизади ва Ислом теологияси маркази билан Германистика маркази шулар жумласидандир. Бу икки марказ вакиллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, ЎР ВМ ҳузуридаги Диний ишлар бўйича қўмита, Самарқанддаги Имом ал-Бухорий номидаги халқаро марказ билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзолаш ниятидалар. Ўзбекистоннинг юқорида номи зикр этилган илмий-таълим муассасасалари ва кўпқиррали Ислом цивилизацияси маркази Мюнстер университетининг Ислом теологияси ва Германистика марказлари билан академик ҳамкорлик қилишлари учун кўплаб умумий мавзулар бор.
Ислом теологияси маркази раҳбари проф. Моханад Хуршид ислом дини таълими ва дидактика соҳасидаги кўплаб илмий мақолалар муаллифи ҳисобланади. У Қуръонни шарҳлашда унинг гуманистик ғояларига кўпроқ эътибор қаратиб, замонавий ёндошишни амалга оширмоқда.
Доктор Дина Эл-Умарнинг илмий фаолияти Қуръонни илмий тадқиқ қилишга, шу жумладан ундаги гендер масалаларини, араб ва испан шеъриятини қиёсий адабиётшунослик нуқтаи назаридан ўрганиш, Испания, Ал-Андалусиянинг ислом давридаги тарихи ва маданиятига қаратилган.
Доктор Ясин Яҳё, Ислом теологияси маркази ходими, “Қуръонни тарихий-теологик шарҳлаш” лойиҳаси аъзоси ҳисобланади. Унинг илк ислом даври тарихига, диншунослик назарияларига қизиқиши катта.
Европанинг Erasmus + и Worldwide Scientific exchange илмий-таълим дастурлари илмий ходими ва халқаро координатори Катарина Рачик Қуръоннинг тафсири масалалари, Қуръонда номи тилга олинган пайғамбарлар тарихи билан қизиқади. Халқаро лойиҳалар координаторлари Альбина Хаас ва Набила Чаббаби эса немис тили қиёсий тилшунослиги ва таржима назарияси соҳасида тадқиқотлар олиб борадилар.
ИТМ бакалавриати ва магистратурасида классик ислом фанлари: Қуръоншунослик (ʿulūm al-qurʾān); Қуръон тафсири, ҳадисшунослик (ʿulūm al-ḥadīṯ),пайғамбарлар таржимаи ҳоли (sīra),калом,ислом ҳуқуқи (fiqh, uṣūl al-fiqh) ўқитилади. Бундан ташқари ислом дунёси маданияти тарихи, Европа фалсафаси ва мафкураси тарихи, амалий исломшунослик тадқиқотлари ва қиёсий исломшунослик фанлари ўрганилади.
Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ИТМдан ташқари келгусида Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази (Буюк Британия), Ибн Холдун номидаги университет (Туркия), ИРСИКА фонди ва Эрмитаж (Россия) билан алоқаларни кенгайтиришни режалаштирган.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати