Тошкентда “Маърифат карвони” тадбири бўлиб ўтди


Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Республика маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда  Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан  “Тамаддун, маданият ва маърифат” шиори остида "Маърифат карвони" тадбири ташкил этилди.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ҳамда профессор Нарзулла Жўраев, шоир Бобур Бобомурод, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова, шунингдек талаба-ёшлар иштирок этди.

Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан тадбир аввалида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини биргаликда жонли ижро қилишди. Шундан сўнг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарлари сўзга чиқиб, Мадҳия ва унинг тарихи, келажак авлод олдидаги абадий бурч ҳақида гапирди. Шунингдек, Давлат раҳбари  ташаббуси билан Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди. Иштирокчилар учун марказ фаолиятига бағишланган видеоролик тақдим этилди. 

— Давлат мадҳияси ҳар бир мамлакатнинг мустақиллиги, куч-қудрати, тарихий қадриятлари  ва  маънавий дунёсини акс эттиради.  Бундан ўттиз уч йил муқаддам миллатимизнинг бош қўшиғи, мадхиямиз  қабул қилинган эди. Шундан бери давлат мадхияси Ватанимиз озодлигини, фаровонлигини ифодаси сифатида янграб келмоқда. Бу бетакрор таронани тинглаганда беихтиёр  қалбимизда энг жўшқин туйғулар жуш уради.   Мадҳиямизнинг ҳар бир сатри мустақил Ватанимизнинг маълум бир қиррасини намоён этади. Унда она диёримизнинг гўзал табиати, халқимизнинг азалий қадриятлари, қадимий ва бой тарихимиз, бугунги кун ва буюк келажагимиз тараннум этилади. Зотан,  ҳар биримиз бу  қўшиқни дилда сақлашимиз, меҳр ва муҳаббат ила куйлашимиз, авайлаб асрашимиз зарур.

Пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар якунига етмоқда. Шу пайтга қадар муҳтарам Президентимиз бир неча маротаба   Ислом цивилизацияси марказининг лойиҳалаш ва қурилиш ишлари билан танишиш учун ташриф буюрдилар.Марказнинг  муҳташам биносини сифатли ва мазмунли контент билан тўлдириш ҳар биримиздан алоҳида масъулият талаб этмоқда. Шу боис бир неча ойдирки, марказимизнинг илмий ходимлари ва тадқиқотчилари юртимиздаги ва хорижий олимлар билан ҳамкорликда марказ контенти ва концепциясини такомиллаштириш  устида иш олиб боришмоқда. — деди Ислом цивилизацияси маркази директори. — Шу билан бирга Президентимиз ташаббуслари билан  жорий йилнинг 3-15 декабрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида  жойларда турли учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ёшларда Ватанга бўлган туйғунинг шаклланиши ва илдиз отишида Давлат мадҳиясига ватанпарварлик белгиси сифатида қараш лозимлиги ҳақида гапирди:

—  Бугунги тадбиримизнинг мақсади ёшларимизда ватанпарварликни уйғотишдир. Ватанпарварлик эса давлат рамзлари орқали ёшлар онги ва қалбига сингдирилади. Биз ўз рамзларимиз қалбимиз ва тафаккуримизнинг ажралмас қисмига айлантиришмиз лозим. Мадҳиямиз садолари остида бошимиз узра байроғимиз ҳилпираб турган дақиқалар ҳаётимизнинг энг тотли ва ардоқлари лаҳзаларидир. Бундай юксак ҳис-туйғулар, жўшқин ватанпарварлик мадҳиямизни тинглаган ҳар бир инсон қалбида уйғониши шак-шубҳасиздир.  

Тадбирда профессор Нарзулла Жўраев ҳам сўзга чиқиб Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг қабул қилниши тарихига тўхталиб ўтди. Шундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ҳамда бошқа ўзбек санъати вакиллари томонидан чиқишлар қилинди.