Термизда зиёлилар форуми бўлиб ўтди


Имом Термизий Халқаро илмий-тадқиқот марказидаги "Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари" мавзусида зиёлилар форуми ташкил этилди.

Форум «Тамаддун, маданият ва маърифат» мавзусида «Маърифат карвони» илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари доирасида ўтказилди.

Анжуманда Республикамизда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, маърифат ва маънавият тадбирлари Қуръони карим мавзулари ҳақида сўз борди. Анжуманни Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари Илҳом Сапаров кириш сўзи билан бошлаб бериб, воҳадаги маънавий-маърифий юксалишлар ҳақида сўзлади.

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар Сайфуддинов Ватанимизда диний соҳада қўлга киритилган улкан муваффақиятлар ҳақида сўз юритди. Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи, тарих фанлари номзоди Шукрулло Умаров ўз нутқида давлатимизнинг дин соҳасидаги сиёсати халқимиз манфаатларига мувофиқ эканини таъкидлади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек муқаддас Қуръони карим файзи ва баракоти, Қуръоннинг ўзбек тилидаги таржималарининг фазилатлари хусусида сўз юритди. Маъруза сўнгида "Қуръон ўқи" ҳамда “Ибодатдир” деган шеърларини ўқиб берди.

Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси профессори, тарих фанлари доктори Илҳомжон Бекмирзаев диний-маърифий соҳадаги тарихий жараёнлар ҳақида сўзлади. Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар доктори Мансур Мусаев ҳозирги давр миллий тикланиш ва маънавий янгиланиш даври бўлганини қайд этди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган Маърифат карвони тадбирлари республика бўйлаб барча вилоятларда ўтказилиши белгиланган.

 

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати