Қашқадарё вилоятида ўтказилган тарғибот тадбирлари


Хабарингиз бор, республикамиз бўйлаб  «Буюк алломаларимиз мeроси» мавзусида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Тарғибот гуруҳининг навбатдаги учрашуви шу йилнинг 27 феврали куни  Чироқчи тумани ҳокимлиги биносида бўлиб ўтди.

Тадбирда Чироқчи ва Кўкдала тумани ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла ва  хотин-қизлар фаоллари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари  жами – 300 нафар иштирокчи қатнашди.

Учрашувда “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маърузалар тингланди.

Тадбирда илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган 50 номдаги янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди. Учрашувда сўзга чиққан Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов:“Марказлар томонидан чоп этилган бу китобларни ҳар бир ёш ўқиши керак. Энг асосийси, бу китоблар нафақат тарихий аҳамиятга эга, балки одоб-ахлоқ, эзгу фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади. Бугун ёшларимиз интернетга боғланиб қолган бир пайтда, бу китоблар, ҳақиқий маънавий озуқа бўла олади. Бир ташаббусни илгари сурмоқчиман, мазкур китобларни туманимиздаги мактаб, коллеж ҳамда лицейларимизга кўпайтирилган нусхаларини тарқатишни таклиф қиламан. Тарихни ҳар бир инсон билиши шарт ва зарур!”– дея фикр билдирди.