Қарши шаҳрида тарғибот тадбирлари ўтказилди
Хабарингиз бор, бир неча кундан бери юртимиздаги илмий-тадқиқот марказлари томонидан жойларда учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Навбатдаги тадбир 2024 йилнинг 26 февраль куни Қарши шаҳри ҳокимлиги биносида бўлиб ўтди. Унда Қарши шаҳри ва Қарши тумани ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, ҳоким ёрдамчилари, маҳалла ва хотин-қизлар фаоллари, таълим муассасаларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари – жами 200 нафар иштирокчи қатнашди.
Учрашувда “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маърузалар тингланди.
Тадбирда иштирок этган Қарши шаҳри ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Матлуба Очилова, жумладан:“Бугунги тадбирдан катта маънавий озуқа олдим. Маърузалар аждодларимизнинг бой маънавий меросини асраб, уни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишга янада туртки бўлди. Ёшларни турли маънавий таҳдидлардан асраш, ижтимоий тармоқлардаги турли тасдиқланмаган маълумотларга билиб-билмай эргашиб кетишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди” – деди.
Шунингдек, тадбир якунида илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган 50 номдаги янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилди.