Ўзбекистонлик хаттот Туркияда малака ошириб қайтди


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ходими Нажмиддин Фаёзий Туркиянинг Истанбул шаҳридаги BİKSAD санъат марказида машҳур хаттот Хусейн Кутлу бошчилигида малака ошириб қайтди. Малака ошириш давомида у насҳ ва сулс хатлари сирлари, китобат санъатига оид ўзига хос дарсларда иштирок этди.

Хусейн Кутлу замонавий турк хаттотлик мактабининг таниқли вакилларидан бири бўлиб, Истанбулдаги қатор масжидлардаги ёзувларнинг муаллифи ва кўплаб шогирдларни етиштирган устоз сифатида машҳур.

Нажмиддин Фаёзий малака ошириш давомида Мармара университети Илоҳиёт факультетига ташриф буюриб, бой адабиётлар билан танишди. 

"Қувонарлиси шундаки, устоз ўз шахсий фондида сақлаб келаётган Бойсунқур Қуръонини менга кўрсатдилар. Мазкур Қуръони Каримнинг факсимилеси Эрондан олиб келинган экан. Машҳур хаттот Хусейн Кутлу мазкур китобни бошдан охир варақлаб, унинг хати, таснифи билан батафсил таништирдилар, Шунингдек,Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига факсимилеси топширилган машҳур “Истанбул мусҳафи”нинг асл нусхасини босмаси билан таққослаб, унинг хати, ишлатилган сиёҳлари, ёндашуви билан боғлиқ қатор саволларимга жавоб олдим.Хусейн Кутлудек машҳур хаттотга шогирд бўлиб, улардан дарс олиб келганимдан ва бу узилмас ҳамкорликларимиздан хурсандман", – деди Нажмиддин Фаёзий.
Эслатиб ўтамиз, Хусейн Кутлу ўтган йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган маданий мерос ҳафталигида ( маҳаллий хаттотлар билан учрашувлар ва маҳорат дарсларини ўтказган эди. Шунингдек, у “Истанбул мусҳафи"ни кўргазмада намойиш қилган.

Маълумот учун, Нажмиддин Фаёзий Амир Темур ҳукмронлиги даврида хаттот Умар Ақтоъ томонидан кўчирилган Қуръони Карим қўлёзмасидан парчаларни айнан ўша хатда тўлиқ шакллантирган.

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати