Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази раҳбари Лондондаги BBC ахборот корпорацияси вакиллари билан учрашди


Лондонда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари бошчилигидаги делегация  BBC ахборот корпорациясида бўлди. 

Учрашувда телерадиoкомпаниянинг жаҳон хизмати ижрочи муҳаррири Мехфиш Хусайн, тижорий ривожлантириш бўлими мутасаддилари Фред Дурман ва Тамара Уоллш, BBC Ўзбек хизмати раҳбари Хайрулло Файз ва бошқалар иштирок этди. Фирдавс Абдухолиқов корпорация вакилларига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида маълумот бериб, ислом динининг инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб килиш, Ўзбекистон ҳудудидан етишиб чиққан буюк алломалар фаолияти ва илмий мероси ҳақида биргаликда қисқа видеолавҳалар, фильмлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни таклиф қилди:

— Миллионлаб аудиторияга эга бўлган, дунёнинг етакчи ахборот платформаларидан бири ҳисобланган BBC билан ҳамкорлигимизни  алоҳида эътиборга лойиқ, — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори. —  Жумладан, бундан бир неча  йил муқаддам BBC билан ҳамкорликда суратга олинган “Катта Лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар” ҳужжатли фильми нафақат Ўзбекистонда, балки, дунё миқёсида катта аудиториянинг эътиборини қозонди. Кинематография агентлиги билан биргаликда  яратилган “Усмон Қуръонининг қайтиши” ҳужжатли фильми ҳам ана шу ҳамкорликнинг ўзига хос меваси бўлди, дейиш мумкин.  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан суратга олиниши  мўлжалланаётган, Қуръони каримнинг Ўзбекистонга оид қадимий қўлёзмалари ҳақидаги медиалойиҳамиз ана шу ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлади, дея умид қиламиз.

Учрашувда бугун аудитория, айниқса ёш авлод вакиллари билан ишлаш, уларни қизиқтирадиган форматга мос контент яратиш, турли зарарли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан ҳимоялаш борасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. Делегация аъзолари BBC'нинг Ўзбек хизмати фаолияти билан яқиндан танишди.