Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сценарийлар танловини эълон қилади


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази сценарийлар танловини эълон қилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кўп тармоқли дунёвий илмий-маърифий маскан бўлиб, халқимизнинг муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилишни ўз олдига мақсад қилган.

Тошкент шаҳрининг тарихий маркази бўлган Ҳазрати Имом мажмуасидаги 7 гектарлик майдонда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносида мазмуни ва экспонатлар хилма-хиллиги нуқтаи назаридан бетакрор Ислом цивилизацияси тарихи музейи ўрин олади.

Музейнинг умумий ҳудуди 15 минг кв.метрни ташкил этиб, унда Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё, Исломнинг нозил бўлиши ва Марказий Осиёга ёйилиши, Марказий Осиёда исломий таълим тизими ва илмий марказлар, Марказий Осиёлик олимларнинг жаҳон илм‐фан ривожига қўшган ҳиссаси, Марказий Осиё исломий меъморчилиги ва шаҳарсозлиги, Санъат ва бадиий ҳунармандчилик ҳамда ўзбек халқининг миллий урф‐одатлари ва анъаналари мавзуларидаги экспозициялар жойлашади.

Музей экспозициясини шакллантиришда музейшуносликдаги энг замонавий технологиялар ҳамда экспозиция усулларидан фойдаланилади. Музейнинг нафақат маҳаллий зиёратчилар, балки мамлакатимизга турли давлатлардан келган саёҳатчилар учун ҳам муҳим туристик объект бўлишини инобатга олган ҳолда, экспозицияни шакллантиришда маълумотларнинг кенг қамровли, турли ёш вакиллари учун тушунарли ҳамда халқчил усулда тайёрланишига алоҳида эътибор қаратилади.

Мавзу йўналишлари бўйича шакллантирилган экспозиция залларида зиёратчилар ислом оламининг бебаҳо меросига оид турли ноёб экспонатларни кўриши, турли маърифий медиа маҳсулотларни томоша қилиши, интерактив инсталляциялар ва машғулотли ўйинлар ҳамда инсталляциялар орқали мавзу билан яқиндан танишиши, ўрганиши ва кашф қилиши мумкин.

Шу муносабат билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясидан ўрин олган мавзуларга оид қисқа метражли  фильмлар ва роликлар (3–20 дақиқа) бадиий, анимацион ва ҳужжатли фильмлар сценарийларини тайёрлаш бўйича танлов эълон қилади. Танловда иштирок этиш учун тайёрланадиган сценарий мавзулари ва шартлари ҳамда мукофотлар бўйича маълумотлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ахборот‐мультимедиа бўлими томонидан танлов иштирокчиларига тақдим этилади.

Маълумот учун телефон:

+998 93 758 94 48

+998 93 377 45 55