Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилган “Маърифат карвони” тадбирлари якунларига бағишланган анжуман ўтказилди


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Тамаддун, маданият ва маърифат” шиори остидаги “Маърифат карвони” якуни бўйича “Эришилган ютуқ ва камчиликлар: истиқболдаги режалар” мавзусида анжуман ўтказилди.

Унда Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбар-ходимлари, етакчи олимлар, санъатшунослар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. 

Анжуманда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимовлар сўзга чиқди.

Тадбир аввалида масъуллар “Маърифат карвони” тадбирларининг самараси, мақсади ва  аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди. Жойларда ўтган тарбирларда мамлакат зиёлиларини бир ғоя остида бирлашгани, жамият тараққиёти, ривожи йўлида уларни бир ерга жамлангани алоҳида эътироф этилди. Ушбу анъана жадид боболаримиздан мерослиги, бу эса, аслида, Учинчи Ренессанснинг пойдевори эканлиги таъкидланди. “Маърифат карвони” тадбирлари келгуси йилдан бошлаб йилига тўрт маротаба ўтказилиши таклифи берилди.

Маълумот ўрнида “Маърифат карвони” тадбирларини ташкил этиш учун Республикадан иштирок этувчи олимлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлардан иборат жами 68 нафарни ташкил этган республика тарғибот гуруҳи аъзолари шакллантирилди. Мазкур тадбирларга 14 та ҳудуддан 80 мингга яқин иштирокчи қамраб олинди. Анжуман сўнгида маърифий тадбирларда фаол иштирок этган бир гуруҳ олимлар, тақдирланди.

Бундан ташқари тадбир давомида Ислом цивилизацияси марказининг мега-лойиҳаси бўйича видеоролик намойиш этилди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўйича амалга оширилган ишлар: муҳим халқаро алоқалар, топилма ва кашфиётлар, йирик халқаро тадбирлар каби воқеликлар акс этган.

 

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати