Мувофиқлаштириш ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди


   Жорий йилнинг 13 апрель куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси музейи экспозициясини шакллантириш бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказ музейининг “Ренессанслар галереяси”, “Қуръон” зали”, “Исломдан аввалги даврда Маркзий Осиё”, “Шаҳарсозлик ва меъморчилик” бўлимларининг тақдимоти муҳокама қилинди.  

  Йиғилишда Ишчи гурҳи аъзолари, соҳа олимлари ва мутахассислари, Марказ мутасадди ходимлари иштирок этди.  

   Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров Тошкентнинг маънавий юраги – Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудида бунёд этилаётган мазкур муассаса аждодларимиз томонидан ислом цивилизациясига қўшилган беназир ҳиссанинг барча қирралари, жумладан, муқаддас динимиз равнақи, илму фан тараққиёти, маънавий камолот йўлидаги саъй-ҳаракатлари исботларини ўзида мужассам этишини қайд этиб, унга келган ҳар бир фуқаро қандай буюк юртда туғилгани, қандай улуғ инсонлар вориси экани, зиммасидаги масъулиятнинг залворини чуқур ҳис қилишини таъкидлади. Юртимиз меҳмонлари эса, ушбу муассаса мисолида Ўзбекистоннинг ўтмиши ва бугуни ҳақида яхлит тасаввурга эга бўлади.  

   Шу сабабдан ҳам Марказ музейини шакллантиришда бажарилаётган ҳар бир иш қайта ва қайта мутахассис олимлар назари ва муҳокамасидан ўтказилмоқда. Бу галги йиғилишда ҳам бинонинг 14 та асосий равоқларидаги маҳобатли рангтасвир асарлар, “Қуръон” зали”даги 8 та ипак гилам юзасига туширилган оятлар, стендлар ҳақида маълумотлар берилиб, слайдлар мутахассислар эътиборига ҳавола этилди. 

  Йиғилиш иштирокчилари тақдимотлар юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириб, Марказ мутахассислари томонидан музейни шакллантиришда ҳар томонлама профессионал ёндашув  бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.