Миср Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги билан меморандум имзоланди


Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда Ўзбекистон-Миср бизнес-форуми бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Миср режалаштириш, иқтисодий ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги ҳамда Қадимий ашёлар олий кенгаши раҳбарлари ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Форум доирасида Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Миср туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги ҳузуридаги Қадимий ашёлар олий кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, келгусида тадқиқот ва илмий изланишлар олиб бориш, мақолалар нашр этиш, икки томонлама ташрифларини амалга ошириш, мамлакатларнинг музейлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма ўқув курсларини ташкил этиш каби қатор истиқболли келишувларга эришилди.

Қолаверса, анжуманда Ўзбекистон ва Мисрнинг иқтисодий салоҳияти, шериклик муносабатларини ривожлантириш йўналишлари тақдим этилди, G2B ва B2B музокаралари ўтказилди, унда тадбиркорлар ҳамкорликнинг манфаатли йўналишларини батафсил муҳокама қилди.