Малайзияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мегалойиҳаси тақдим қилинди
Айни кунларда Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида “Россия - Ислом олами” стратегик қарашлар гуруҳи ташаббуси билан “Шаклланаётган кўпқутблилик даврида Россия ва Ислом олами муносабатлари” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.
“Россия - Ислом олами” стратегик қарашлар гуруҳи глобал миқёсда динлараро мулоқот, анъанавий маънавий-ахлоқий қадриятларни ҳимоялашга йўналтирилган ўзига хос майдон ҳисобланади.
Ҳозирга қадар мазкур гуруҳ ташаббуси билан турли давлатлардаги расмий диний ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари, диншунос олимлар, экспертлар иштирокида турли форумлар, конференциялар, давра суҳбатлари, матбуот анжуманлари ўтказиб келинади. Ушбу тадбирларда динлараро муносабатлар, бугунги глобал муаммолар таҳлилида диний қарашларнинг аҳамияти, Россия ва мусулмон мамлакатлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича маърузалар тингланади, таклифлар билдирилади. Конференцияда Татаристон Республикаси раиси Рустам Минниханов, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим иштирок этмоқда.
Гуруҳ мутасаддилари шу пайтга қадар Москва, Қозон, Истанбул, Жидда, Қувайт сингари мамлакатларда турли даражадаги халқаро учрашув ва мулоқотлар ўтказган. Куала-Лумпурда ўтаётган навбатдаги сайёр анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директор ўринбосари Фирдавс Ҳалимов ҳам иштирок этди. Анжуманда Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига доир видеоролик намойиш қилинди.
Фирдавс Ҳалимов Ўзбекистон вакили сифатида сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган диний бағрикенглик сиёсати тамойиллари, шу билан бирга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳам айнан муқаддас динимизнинг маърифатпарварлик ва инсонийлик ғояларига йўғрилгани ҳақида гапирди. Бундан ташқари Ўзбекистон ҳудудидан етишиб чиққан алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаларини ўрганиш ва тарғиб этиш лозимлигини таъкидлади.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати