Мактаб ўқувчилари билан мулоқот


    27- ноябрь куни Шайхонтоҳур туманидаги 262 – сонли ўрта мактабда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти ҳамда китобхонлик маданияти мавзусида юқори синф ўқувчилари билан давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тақдимот анжуманида марказ директори ўринбосари Ф.Ҳалимов, бўлим бошлиғи Ф.Муҳаммадиев, илмий ходим О.Аҳмадалиев ҳамда мактаб директори Г.Зоирова, ўқитувчи  ва  юқори синф ўқувчилари иштирок этишди.

Ф.Ҳалимов ўқувчиларга юртимизда диний – маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида гапириб, ана шу ислоҳотларнинг ёрқин намунаси Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эканлигини таъкидлади. Шунингдек, марказнинг тузилмаси ва унинг асосий вазифалари ҳақида ўқувчиларга батафсил ахборот берди. Буюк аждодларимиздан қолган  бебаҳо илмий меросни ўрганиш ва уларни тадқиқ қилиш ҳам марказнинг долзарб вазифаларидан эканлигини ўқувчиларга тушунтириб, ана шу аждодларга муносиб авлод бўлиш учун кўпроқ китоб ўқиш, китобга муҳаббат қўйиш кераклигини ёрқин мисоллар ёрдамида ўқувчиларга тушунтириб берди.      

Мавзуни ёритишда кўргазмали материаллар – слайд ва видеороликлардан фойдаланилди.

Анжуман сўнггида савол – жавоблар бўлиб ўтди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати