“Маърифат зиёси сўнмаган асар”


Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий (ваф. 537/1142) аҳли сунна вал-жамоа ҳамда мотуридия таълимоти йўналиши имомлари ичида ақида соҳаси пешқадамларидан биридир. Табақот китобларида бу улуғ зотнинг нисбалари “Абу Ҳафс Насафий”, “Умар Насафий”, “Нажмиддин Умар Насафий” каби номлар билан келган.  Аллома   фиқҳ, ақида, ҳадис, тафсир, калом илмларида 100 га яқин асар ёзган. Абу Ҳафс Насафий устозлари – усулул фиқҳ илмида пешво, “Фахрул ислом” Абулюср Муҳаммад Баздавий (ваф. 421/1030), мотуридийлик таълимотида Абу Мансур Мотуридийдан (ваф. 248/862) кейинги ўринда турувчи катта ақида имоми Абу Муъин Насафий (ваф. 508/1114) кабилардан дарс олган. Бу зот илм олган устозлари силсиласида Абу Ҳанифадан (ваф. 150/767) бошланган шажарада ўн бешинчи ўринда туриши таъкидланади.

Абу Ҳафс Насафийнинг ақида йўналишидаги “Ақоидун Насафий” асари машҳурликда “Фиқҳул Акбар” ва “Ақийдатут Таҳовий” сингари беназир китоблар қаторидан жой олган десак, янглишмаймиз. Асарнинг форс тилидаги қўлёзмаси – “Баёни эътиқоди аҳли суннат ва жамоат” Эронда (کتابخانه مجلس شورای اسلامی ایران) “Ислом шўроси кенгаши кутубхонаси”да 11-13613-инвентарь рақам билан сақланади. Қўлёзма 795/1393 йилда бухоролик Хўжа Муҳаммад Порсо томонидан кўчирилган. Китоб мажмуа шаклида бўлиб, 4 та рисоладан таркиб топган. Унда мазкур рисоладан ташқари, Имом Мотуридийнинг шогирди Ҳаким Абулқосим Исҳоқ Самарқандий Ҳанафийга (ваф. 342/953) тегишли рисола ҳам ўрин олган. “Ақоидун Насафий” асарининг ушбу қўлёзма нусхаси эронлик олим доктор Муҳаммад Умар Жўё томонидан тадқиқ қилинган. Тадқиқотда таъкидланишича, мазкур форсча рисола дастлаб Муҳаммад Хонсорий томонидан 1917 йилда аниқланган ва бу ҳақда мақола чоп этилган.

Абу Ҳафс Насафийнинг “Баёни эътиқоди аҳли суннат ва жамоат” деб номланган форсча асар нусхаси шогирди Имом Бурҳониддин Марғиноний (ваф. 593/1197) томонидан нақл ва ривоят қилинган. Асар муқаддимасида Бурҳониддин Марғиноний милодий 1141 йилда Султон Санжар Салжуқий (512/1118-552/1157) Сеистон вилояти ҳокими Амир Абулфазл ҳамроҳлигида Самарқандга келгани ва ўша даврнинг олимлари йиғилиб, илмий мажлис бўлганлиги ҳамда Султон Санжарнинг таклифи билан ушбу рисола ёзилгани ҳақида маълумот беради. Шунингдек, ушбу рисоланинг форсча нусхасини ғанимат билиб, мусаннифи Абу Ҳафс Насафийга кўрсатиб, ўқитгани ва баъзи жойларини тузатиб берганлигини ҳам ёзади.

Салжуқийлар ҳукмронлиги даврида ботинийлар, қараматийлар ва мўътазилийларнинг қарашлари авж олган эди. Мазкур тоифаларнинг адашган жиҳатлари ва унинг мазмун моҳиятини очиб берадиган, мусулмонларнинг ақидавий якдиллигини сақлаш, улар орасида турли ихтилофларнинг олдини олишга қаратилган рисола ёзишга эҳтиёж катта бўлганидан Султон Санжар томонидан олимларга асар ёзиш таклиф қилинган. Барча олимлар бу масъулиятли ишга Абу Ҳафс Насафийни энг муносиб деб топишган ва унга мусулмонларнинг ақидавий бирлигини сақлашга хизмат қилувчи рисола ёзишни топширганлар. Абу Ҳафс Насафий ҳам ўша давр талаби ва мусулмонларнинг эҳтиёжини инобатга олган ҳолда энг зарур ақидавий масалаларни ўзида қамраб олган “Баёни эътиқоди аҳли суннат ва жамоат” номли қисқа рисолани таълиф этган. Мазкур рисола бугунги кунгача ўзининг бебаҳо қийматини йўқотмаган ва ҳар бир даврда эзгу ғоялари билан инсонларни тўғри эътиқодга чорлаб келмоқда.

Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоиди Насафий” асарининг форсча нусхаси “Баёни эътиқоди аҳли суннат ва жамоат” рисоласи аҳли сунна ва жамоа ақидасининг асослари баён этилган бўлиб, 2023 йилда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Шайх Абдулузиз Мансур томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Бир сўз билан айтганда мазкур рисола бугунги кунимизда нотўғри талқин қилинаётган эътиқодий қарашларнинг мазмун моҳиятини очиб бериш ва кўплаб ақидавий масалаларнинг ечимини топишга хизмат қилиб келмоқда.

 

Абдушукуржон Муратов

Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори