"Маърифат карвони" тадбирлари давом этмоқда
Куни кеча Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” доирасида “Буюк аждодлар сиймоси: янги нигоҳ ва замонавий ёндашувлар” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари, етакчи олимлар, санъатшунослар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Тарғибот тадбирида сўзга чиққанлар мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусидаги “Маърифат карвони” сарҳисоби ва буюк алломаларнинг ягона сиймосини яратиш ва қабул қилиш, тарихий фильмлар тайёрлашнинг аҳамияти ҳақида гапирди. Унда социология фанлари доктори, профессор Мансур Бекмуродов, филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбек маърузалари тингланди.
Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилиши мегалойиҳасининг тақдимоти ва Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган буюк аждодлар ҳақидаги видеоролик намойиш қилинди.
— Жойларда “Маърифат карвони” тадбирлари доирасида ўтказилган учрашувлар доирасида амин бўлдим, одамлар зиёлилар чиқишларини катта қизиқиш билан кузатмоқда. Водийдаги тадбирлар давомида Исҳоқхон Ибратнинг авлодлари билан танишдим. Улар ҳам “Маьрифат карвони” доирасидаги тадбирларни юқори баҳолади. Яна бизни лол қолдирган нарса Наманганда бўлган вақтимиз уйларида кутубхона ташкил қилган оилалар бизни хушнуд этди. Уларга биз ҳам ижодий гуруҳ томонидан китоблар тақдим этдик, – деди филология фанлари номзоди, доцент Тўлқин Эшбек.
Маълумот ўрнида, мамлакатимиз бўйлаб жорий йилнинг 3 декабрь санасидан бошлаб, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусида “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
“Маърифат карвони” тарғибот тадбирлари айниқса талаба-ёшларда катта тассурот қолдирди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати