"Маърифат карвони" Самарқандга етиб борди


Самарқанд шаҳрида "Тамаддун, маданият ва маърифат" мавзусидаги "Маърифат карвони" тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, вилоят ҳокимлиги масъуллари ва  зиёлилар вакилларидан иборат тарғиботчилар гуруҳи кунни Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлашди. 

Мазкур мажмуада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда улуғ муҳаддис олим Имом Бухорийнинг меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш мақсадида инновацион музей ҳам барпо этилмоқда.

Ёшлар марказида давом этган учрашувда халқ билан "Маърифат карвони" илмий-маърифий тарғибот тадбирларини ўтказиш муҳимлиги ҳақида сўз борди. Ўтаётган форумлар ҳудудлардаги илм-маърифат вакиллари, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари ва ёшлар учун мулоқот платформаси яратишга қаратилди. Анжуманда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, замонавий билимларни эгаллашга ундаш ва уларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ва ўзликни англашни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.  

Кун давомида вилоятнинг барча ҳудудларида қатор тадбирлар жумладан, "Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси" мавзусидаги олимлар форуми, "Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери" мавзусида маҳорат дарслари, "Ўзбекистон обидаларидаги битиклар" китоб-альбоми тақдимоти ўтказилди.

 "Маърифат карвони" ўзининг илмий-маърифий ташаббуслари орқали халқ орасида миллий-маърифий ислоҳотларни тарғиб этиш ва ёшларга ватанпарварлик туйғуларини сингдиришга қаратилган.

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати