Коняда буюк мутафаккир Жалолиддин Румий хотираси ёд этилди


Туркиянинг Коня шаҳрида тасаввуф оламининг буюк вакили, шоир ва мутафаккир Мавлоно Жалолиддин Румий вафоти муносабати билан анъанавий “Шаби арус” маросими ўтказилди. Ушбу тадбирда Туркия давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, хорижий олимлар ва мутахассислар билан бир қаторда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов ҳам иштирок этди.  

Мавлоно Жалолиддин Румий 1207 йилда Хоразмшоҳлар давлатига қарашли Балх шаҳрида машҳур олим ва мударрис Баҳовуддин Валад хонадонида туғилган бўлиб, ушбу оила мўғуллар босқини арафасида Онадўлига кўчиб келган. Унинг илмий-маърифий мероси “Маснавийи маънавий”, “Ичиндаги ичиндадир” каби машҳур асарлар орқали дунё аҳлини ўзига ром этиб келади. 1273 йил 17 декабрь куни вафот этган аллома ҳаёти давомида Коняда яшаб, мавлавия тариқатига асос солган. Унинг “Шаби арус” — “висол кечаси” сифатида нишонланиши ҳам бугунги кунда анъанага айланган.  

Тадбирда сўзга чиққан Фирдавс Ҳалимов ўз нутқида Румийнинг Ўзбекистондаги маънавий мероси ҳақида тўхталиб, унинг асарлари юртимизда кенг ўқилиши, қайта-қайта нашр этилиши ва Ислом цивилизацияси маркази томонидан ушбу бой меросни чуқур ўрганиш режалаштирилаётганини таъкидлади.  

"Рум диёрига келиб, шу ерда буюк аллома бўлиб етишган Жалолиддин Румий асарлари бугун жаҳон аҳлини ўзига ром этиб келади. Ўзбекистонда ҳам Румий асарлари ҳозирга қадар севиб мутолаа қилинади, қайта-қайта нашр қилинади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидан Мавлононинг бой маънавий меросига алоҳида ўрин ажратиш кутилмоқда", — дейди Фирдавс Ҳалимов.
Шунингдек, тадбир доирасида Конядаги Мавлоно музейига саёҳат уюштирилди. Сафар чоғида музейда сақланаётган қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар билан танишув ўтказилди. Ўзбекистон маданий меросига тегишли асарларнинг нусхаларини олиш ва улардан келгусида Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида фойдаланиш борасида музокаралар ўтказилди.  

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, айниқса, ИСАМ, Туркия қўлёзмалар бошқармаси, Турк-ислом санъати музейи каби муассасалар билан ҳамкорликдаги лойиҳалар давом эттирилиши таъкидланди.

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати