ИЦМда Ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди
Бугун Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Ҳайдаров ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Марказ фаолиятига доир лойиҳалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида жорий йил бошида Марказ раҳбари бошчилигидаги делегациянинг Малайзияга ташрифи ва унинг доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти билан ҳамкорлик, илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, учрашувда 58-томи Малайзия ҳақида ҳикоя қилувчи "Ўзбекистон маданий мероси — жаҳон тўпламларида" китоб-альбоми ҳақида фикр юритилди. Ушбу китоб халқаро илмий ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотиши кутилмоқда.