ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ МУЗЕЙИ КОНЦЕПЦИЯСИДА ТАСВИРИЙ САНЪАТ ВА ҲУНАРМАНДЧИЛИКНИНГ ЎРНИ
Аннотация: Мақола Ислом цивилизацияси музейи концепциясини яратишда қадимги ва ўрта асрлар даври тасвирий санъати ва ҳунармандчилиги ўрнини аниқлаш ҳамда уларни намойиш этиш йўлларига бағишланган.
Калит сўзлар: ислом, дин, санъат, ҳунармандчилик, нақш, миниатюра, музей.
Асрлар давомида ислом омили Ўзбекистон халқлари ҳаётида муҳим рол ўйнаб келмоқда. Кенг ижтимоий қатламлар онгида, кундалик ҳаётида, ҳунармандчиликда ва маросимлар маданиятида ислом анъаналари сақланиб қолмоқда, ислом маданий ва бадиий меросини тадқиқ ва тарғибот этиш давом этмоқда. Санъат, меъморчилик ва ҳунармандчилик ислом цивилизациясининг ажралмас қисмидир. Уларнинг Ўзбекистондаги тарихи ислом кириб келгандан бошлаб, бугунгача узилмас бадиий жараённи ташкил этади. Исломнинг бадиий маданияти жаҳон цивилизациясининг устунларидан бири бўлиб, юксак эстетика, маънавият ва ахлоқий поклик феномени эканлигига шубҳа йўқ.
Ислом санъати бадиий ифоданинг энг муҳим воситаси сифатида безакни танлаб, мажозий, фигуратив санъат тамойилини рад этди. ХIX аср Европа олимлари томонидан бу ислом эстетикасини салбий, санъатга алоқаси йўқ дин фалсафасини ўзига хос кўриниши сифатида баҳоланган. Шунинг учун узоқ вақт давомида Ғарб тадқиқотчиларининг фикрича, мусулмон бадиий маданияти жаҳон цивилизациясининг периферик зонасини ташкил этган.
Ислом санъатини ўрганишга Ғарб олимлари Р.Фрай, Р.Эттинхаузен, О.Грабар, Б.Робинсон ва бошқалар муҳим ҳисса қўшдилар. O.Грабар биринчилардан бўлиб “Ислом санъати” атамасининг назарий масаласини кўтарган, унинг илмий ишлари туфайли “Ислом санъати” тушунчаси жаҳон маданиятининг ўзига хос мустақил феномени сифатини касб этди.
1990 йиллардан сўнг юртимизда ҳам Ўрта асрлар санъатининг шаклланишида исломнинг ролини ўрганиш билан боғлиқ мавзулар Ўзбекистон тарихи ва санъати кесимида янги туртки олди. Бу даврда олиб борилган тадқиқотлар туфайли “Ўзбекистон Ислом санъати” атамаси илмий адабиётларда фойдаланиш ҳуқуқига муяссар бўлди. Ўзбекистон Ислом санъатининг биринчи босқичи IX – ХIII асрларга, иккинчи босқичи XIV – XV асрлар Амир Темур ва Темурийлар даврига тўғри келади. Учинчи босқич – ўзбек хонликлари даври билан белгиланади, яъни ХVI – ХХ аср бошларига тўғри келади. Шундай қилиб, ислом омили ХХ аср бошларига қадар минтақамиз амалий санъати ва меъморчилигида ҳал қилувчи рол ўйнади. Демак, хронологик жиҳатдан “Ўзбекистон Ислом санъати” тушунчасини IХ – ХХ аср бошлари даври билан белгилаш мумкин.
Ислом цивилизацияси маркази номланишида “цивилизация” атамасига урғу бериш унинг кенг қамровли ва мажмуавий илмий, маънавий-маърифий, тарбиявий ва музейшунослик маркази сифатидаги фаолиятининг пухта ўйланган стратегиясини акс эттиради. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази таркибида Ислом цивилизацияси музейи катта аҳамиятга эга бўлиб, унинг концепцияси бир қатор етук Ўзбекистон олимларининг гуруҳи – археологлар, тарихчилар, санъатшунослар ва шарқшунослар томонидан ҳамда диний арбоблар иштирокида ишлаб чиқилган.
Ислом цивилизацияси маркази музейи концепциясининг ўзига хос хусусияти қуйидагича: Ўзбекистон ҳудудида Ислом цивилизацияси концепцияси тарихийлик тамойилига асосланади, шу туфайли экспозицияга Ўзбекистон ҳудудида ривожланган исломгача бўлган цивилизация даври ва жамиятимиз тараққиётининг замонавий босқичи киритилган. Бу ғоя “Ислом давригача Ўрта Осиё цивилизацияси” ҳамда “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” залларининг яратилишида ўз аксини топган. Ушбу музей концепцияси Ўзбекистондаги ислом цивилизациясининг барча тарихий саҳифалари, ютуқ ва кашфиётлари (дин тарихи ва диний билимлар соҳаси, атоқли илоҳиётшунослар ва олимлар фаолияти, дунёвий фанлар, шаҳарсозлик, архитектура, ҳунармандчилик, санъат, анъанавий маданият ривожланиши ва ўзига хос хусусиятлари) ўз аксини топади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси музейининг залларидан бири махсус санъат ва ҳунармандчиликка бағишланган бўлиб, ушбу бўлимга тасвирий ва амалий санъат билан бир қаторда анъанавий мусиқа, томоша санъатлари ва бошқалар ҳам киради. Шундай қилиб, ислом цивилизацияси тақдимотида тасвирий санъат ва ҳунармандчилик сегменти алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у бошқа санъат турларидан миқдорий жиҳатдан устун туради. Бундан ташқари, Ўзбекистон тасвирий санъати ва ҳунармандчилиги ҳам хронологик жиҳатдан жуда кенг бўлиб, антик даврдан то ҳозирги кунгача бўлган даврни қамраб олган. Шунга кўра, тасвирий ва амалий санъат намуналари, зарур бўлганда, нафақат “Санъат ва ҳунармандчилик” бўлимида, балки Ўзбекистон Ислом цивилизацияси музейининг бошқа бўлимларида ҳам тақдим этилади. Ислом даври ҳунармандчилиги, миниатюра ва меъморий безаклари юксак бадиий ифода ва юксак маҳорат билан ажралиб турадики, бу томошабинларда чинакам қизиқиш ва ҳайрат уйғотади.
Бу жаҳон музейи амалиётида ўз аксини топган – аксарият ислом санъати музейлари таркибига тасвирий (миниатюра) ва амалий санъат асарлари (керамика, кандакорлик, заргарлик буюмлари, чинни, шиша, суяк, ганч, ёғоч, тош, гиламлар ўймакорлиги ва расм чизиш, каштачилик, матолар, олтин кашталар ва ҳоказо) кирган. Дунёда ислом тарихи, унинг санъати ва маданиятини акс эттирувчи музейлар сифатида Википедия рўйхатига киритилган юзга яқин музей мавжуд. Ушбу умумий соннинг йигирмадан ортиқроғи ислом санъати музейлари деб номланади, чунки уларда экспонатларнинг аксарияти ислом дунёсининг турли минтақаларидан амалий санъат асарлари, миниатюралар ва меъморий безак намуналари билан намойиш этилган. Ислом санъати музейлари Австралия, Афғонистон, Англия, Германия, Канада, Миср, Исроил-Фаластин, Жазоир, Эрон, Иордания, Индонезия, Ливия, Малайзия, Қатар, АҚШ, Tунис, Туркия, Франция, Филиппин ва бошқа мамлакатларда мавжуд.
Ўзбекистон музейлари ва коллекцияларидан ташқари, ислом санъати асарлари, шу жумладан Марказий Осиё ва Ўзбекистонга оид асарлар дунёдаги энг йирик музейларда сақланади. Ислом санъати музейларида, одатда, умумий экспонатлар сонидан 80 фоиздан ортиғи мусулмон амалий санъати асарлари, меъморий безак парчалари ва миниатюралардан иборатдир.
Жаҳон даражасидаги ҳар қандай музей ёки коллекциянинг ўзига хос ноёб буюмлари бор. Улар умумий коллекция обрўйини кўтарадиган, музей қиёфасини яратадиган ноёб санъат ва ҳунармандчилик асарларидир. Дунёнинг етакчи музейлари биринчи навбатда бадиий ёки маданий-тарихий нуқтаи назардан энг қимматли экспонатлар сифатида бу ноёб асарларни эслатиб ўтадилар. Бу ислом маданияти ва санъати, жумладан, Ўзбекистон маданий меросига тааллуқли намуналарни, сақлаётган ва намойиш этувчи музейларга ҳам хосдир. Масалан, Лондонда Носир Халилий номидаги Исломий санъат тўпламида Чингизхоннинг машҳур олтин эгари, Темурийлар даврига оид чиннисимон кўк ва оқ кулолчилик буюмлари ва Бобурийлар сулоласининг императори Шоҳжаҳонга тегишли XVII аср устурлоб алоҳида ўрин эгаллайди. Шунингдек, мўғул даври заргарлик санъатига оид император Шоҳжаҳон ва Жаҳонгир исмлари ўйиб ёзилган ёқут тош ҳам бор. Торонтодаги Оғахон Ислом санъати музейининг энг севимли экспонатларидан бири мусулмон Испаниясида ясалган XIV асрнинг устурлобидир.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси музейи учун ашёлар ва экспонатлар рўйхатини тузишда миллий санъатнинг бундай дурдоналарини унинг ривожланишининг барча босқичларида аниқлаш ва уларга алоҳида эътибор бериш муҳимдир. Улар “санъат ва ҳунармандчилик” кўргазма зали учун тайёрланган санъат ва ҳунармандчилик асарларининг умумий рўйхатидан ажратиб олиниши ва уларнинг ўзига хос тарихий, маданий ва бадиий аҳамияти асослаб берилиши керак. Ушбу дурдоналарни Ўзбекистон музейларидан ташқари, хориждаги ислом санъати музейлари каталогларида, шунингдек, Марказий Осиё санъатига оид илмий монографиялар ва нашрлардан топиш мумкин.
IX – XVII асрлар Ўзбекистон ислом амалий санъати дурдоналари асосан кулолчилик, кандакорлик, ёғоч ҳамда ганч ўймакорлиги ва наққошлиги (қаттиқ материаллар), қимматбаҳо тошлардан бажарилган буюмлар билан ифодаланади. Бу соҳалардан ташқари XIX асрдан бошлаб юмшоқ материаллардан (жун, ипак, мато) ясалган ва музейларимизда сақланган амалий санъат дурдоналарини (каштачилик, гиламдўзлик, зардўзлик, читгарлик, мато тўқиш ва ҳак.) белгилашимиз мумкин.
XV асрда Тошкентда ясалган мовий рангли лаган ўша давр кулолчилигида маҳаллий услубнинг ривожланишидан далолат беради. Амалий санъатда турли хил исломий маросимлар аксини топган, хусусан, булардан кашкул (дарвешлар идиши), чилкалит (жаннат эшиклари учун қирқ калит билан мурдашўйлар учун идиш) ва муқаддас сув билан тўлдирилган Аҳмад Яссавий мақбараси учун ясалган катта қозондир. Дунёда иккита бундай қозон намунаси мавжуд.
Хулоса қилиб айтганда, жаҳон ва Ўзбекистон ислом цивилизацияси меросига оид маълумотлар ва ашёлар умумий ҳажмининг асосий қисмини ҳунармандчилик ва Шарқ миниатюраси асарлари эгаллайди. Шу билан бирга, Доҳадаги кенг тан олинган Ислом санъати музейи коллекциясида ўзининг бадиий мероси йўқлиги сабабли экспонатларнинг аксарияти ислом дунёсининг бошқа минтақалари маданияти ва санъатини акс эттиради. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ўзбек халқининг тасвирий санъати ва бадиий ҳунармандчилиги чуқур тарихий илдизларга эга ва шу қадар бойки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси тарихи музейи кўргазмасида у ҳудудимизда яратилган юксак бадиий савияли намуналари билан кенг намойиш этилади.
Акбар ҲАКИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар
академияси ва Ўзбекистон Бадиий
академияси академиги, санъатшунослик
фанлари доктори, профессор