Гринвич расадхонаси ва Мирзо Улуғбекнинг буюк илмий мероси


Лондон яқинидаги машҳур Гринвич расадхонаси қурилишида аждодларимизнинг илмий ютуқлари, жумладан, Мирзо Улуғбекнинг кашфиётлари муҳим ўрин тутган. Бу илмий муассаса 1675 йилда инглиз қироли Карл II ташаббуси билан денгизчилар учун координатларни аниқлаш мақсадида барпо этилган. Расадхонада нолинчи меридиан аниқланган бўлиб, айнан шу ҳудудда "Гринвич вақти" атамаси вужудга келган.  

Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари ва унинг мактабига тегишли устурлоб Гринвич расадхонасида илмий ишлар учун асос бўлган. Ушбу қўлёзма Самарқандда ёзилган ва шогирди Али Қушчи томонидан Истанбулга олиб келинган.  У Самарқанддан кўплаб асарлар, расадхонада ишлатилган асбоб-ускуналарни, демакки ушбу қўлёзмани ҳам ўзи билан Истанбулга олиб келган бўлиши мумкин.

Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация Оксфорд Ислом тадқиқотлари марказига ташрифи давомида ушбу қўлёзма билан танишган.

"Қўлёзма ҳошиясидан ўрин олган лотин тилидаги қайдлар эса, инглиз олими Жон Гривз (1602-1652) га тегишли. Биз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси билан Оксфордга борганимизда бу қўлёзма билан ҳам танишдик. Бодлеан кутубхонаси Шарқ қўлёзмалари бўлими куратори Николас Контоваснинг айтишича, Гривз ўша йилнинг апрелида Усмонийлар пойтахтида инглиз савдогари ва консули Питер Уайтнинг кўмагида Али Қушчи Самарқанддан келтирган қўлёзмаларни, астрономик асбобларга ҳам эга бўлади ва Лондонга қайтади. Улар орасида мисрлик олим Птоломейнинг “Алмагест” асари шарҳи - Абдураҳмон ас-Суфийнинг “Қўзғалмас юлдузлар тасвири ҳақида китоб” асари, Мирзо Улуғбекнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” асари, шарқона устурлоб ҳам бўлган", —  деди Фирдавс Абдухолиқов.

Жон Гривз Улуғбекнинг асари асосида Шарқ тақвимларини ўрганиб, Ернинг Қуёш атрофидаги ҳаракатини аниқлаган. У Улуғбек тақвими Юлий Цезарь календаридан аниқ ва мукаммал эканини исботлаб, янги тақвимни жорий этишни таклиф қилган.  

Гринвич расадхонаси жаҳон миқёсида илмий вақт ва координат тизимининг асоси бўлиб, бу ютуқларда Мирзо Улуғбекнинг асарлари ва мактабига тегишли улкан илмий ҳисса мужассам.

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати