Smithsonian Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини 2026 йилда дунёдаги ТОП-10 музей қаторига киритди

 

Тошкентда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Smithsonian Magazine — АҚШдаги Смитсон институтининг расмий нашри талқинига кўра, 2026 йилда дунёда энг катта қизиқиш билан кутилган 10 та музейдан бири сифатида эътироф этилди. 1970 йилда ташкил этилган ушбу журнал фан, тарих, маданият ва музейшунослик соҳаларида халқаро миқёсда нуфузли илмий-оммабоп нашр ҳисобланади. Унинг рейтингларига киритилиш лойиҳалар учун жаҳон даражасидаги юксак эксперт баҳосининг белгиси сифатида қаралади.

 

 

Нуфузли рейтингга, шунингдек, Lucas Museum of Narrative Art (Лос-Анжелес), National Geographic Museum of Exploration (Вашингтон, D.C.), London Museum (Лондон), MoN Takanawa: The Museum of Narratives (Токио), The Hip Hop Museum (Нью-Йорк) ва Kanal–Centre Pompidou (Брюссель) каби машҳур музей лойиҳалари ҳам киритилган. Бу эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини жаҳон миқёсидаги энг йирик музей ташаббуслари билан бир қаторга қўяди.

 

Нашр маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши 2026 йил март ойига режалаштирилган. Smithsonian Magazine таъкидлашича, уч қаватли музей мажмуаси кенг кўламли кўргазма майдонлари, Ренессанс даври заллари, шунингдек, турли тарихий даврларда яратилган Қуръони Каримнинг 114 та қўлёзма нусхасидан иборат ноёб тўпламни ўз ичига олади. Улар орасида VII асрга мансуб Усмон Қуръони — дунёда сақланиб қолган энг қадимий муқаддас китоб нусхаларидан бири ҳам мавжуд.

 

Журнал марказда замонавий рақамли технологиялар кенг қўлланилишини алоҳида қайд этади. Хусусан, сунъий интеллект асосида яратилган “жонли портретлар” орқали ташриф буюрувчилар буюк ислом олиму мутафаккирлари билан виртуал мулоқот қилиш имкониятига эга бўладилар.

 

Ислом цивилизацияси маркази таркибида, шунингдек, исломий меросни ўрганишга ихтисослашган илмий-тадқиқот институти, қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш лабораториялари ҳамда 460 ўринли халқаро конференция зали фаолият юритади. Бу эса марказнинг жаҳон даражасидаги кўп функцияли илмий-маърифий ва маданий макон сифатидаги мақомини белгилайди.

 

Smithsonian Magazine мажмуа архитектурасига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Унда Темурийлар даврига хос анъанавий Марказий Осиё услуби ва замонавий архитектура ечимлари уйғунлашган. Баландлиги 65 метрга тенг бўлган кўк гумбаз ислом цивилизациясининг илмий-маънавий мероси улуғворлиги ва чуқур рамзий маъносини ифода этади.

 

Smithsonian Magazine томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг дунёда энг кутилган музейлар рўйхатига киритилиши мамлакатнинг жаҳон меросига қўшган илмий, маънавий ва маданий ҳиссасининг муҳим халқаро эътирофи, шунингдек, Ўзбекистоннинг глобал маданий макондаги нуфузи тобора ошиб бораётганининг тасдиғи сифатида баҳоланмоқда.