Президент ташаббуси билан Бақтрия артефактлари Буюк Британиядан Марказга келтирилди
Исломдан минг йиллар аввал Марказий Осиёда шаҳарлар қурган, савдо йўлларини боғлаган ва юксак заргарлик санъатини яратган цивилизация мавжуд бўлган. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилаётган Қадимги Бақтрия мероси ана шу унутилмас тарих саҳифаларини қайта жонлантиради.
Марказий Осиё ҳудудида исломдан аввал шаклланган энг қадимий ва юксак маданият ўчоқларидан бири — Қадимги Бақтрия цивилизациясидир. Бу бой тарихий мерос бугун Президент Шавкат Мирзиёев муаллифлигида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Исломдан аввалги давр” бўлимида намоён этилмоқда. Экспозиция орқали минтақада ислом цивилизациясигача мавжуд бўлган юксак маданий, ижтимоий ва маънавий анъаналар ёритиб берилади.
Помир–Бадахшон тоғларидан бошланиб, Амударё ҳавзалари орқали кенг ҳудудларга ҳаёт бағишлаган дарёлар атрофида Бақтрия–Марғиёна тарихи шаклланган. Археологияда “Бақтрия–Марғиёна археологик комплекси (БМАК)”, ёки “Окс цивилизацияси” деб ҳам аталадиган ушбу маданий макон милоддан аввалги III–II минг йилликларга тааллуқли. У ҳозирги Афғонистоннинг шимоли, Тожикистоннинг жанубий ҳудудлари ҳамда Ўзбекистоннинг жанубини қамраб олган.
Амударё ва унинг Панж ҳамда Вахш каби йирик ирмоқлари атрофида қадимдан ўтроқ турмуш тарзига эга халқлар яшаб, суғорма деҳқончилик билан шуғулланган. Ана шу жараёнлар натижасида илк қишлоқлар, кейин эса улар негизида шаҳарлар вужудга келган. Ибтидоий тураржойлар ўрнини кўп қаватли бинолар эгаллаб, шаҳарсозлик маданияти шаклланган.
Тарих фанлари доктори, профессор Ғайбулла Бобоёров таъкидлаганидек, Бақтрия цивилизациясининг асосида ана шу шаҳарсозлик маданияти ётиб, ўнлаб шаҳарларда юксак ижтимоий ва маданий муҳит шаклланган:
“Бу — ҳокимият ва давлатчилик анъаналари, иш юритиш ва давлат ёзишмалари ёзув орқали амалга оширилган тизим, жамиятни тартибга солувчи илк қонунлар ва эътиқод, шунингдек, ҳунармандчилик, боғдорчилик, халқаро тижорат ҳамда амалий ва тасвирий санъатдир”.
Қадимги савдо йўллари, айниқса Буюк Ипак йўли орқали Бақтрия Шарқ ва Ғарб ўртасидаги маданий, иқтисодий ва маънавий алоқалар чорраҳасига айланган.
Ислом цивилизацияси марказида тақдим этилаётган экспозиция Бақтрия ҳудудида исломдан аввал ҳам юксак ҳунармандчилик, заргарлик ва рамзий тафаккур шаклланганини яққол намоён қилади. Экспонатлар орқали томошабин Бақтрия халқларининг дунёқараши, эътиқоди ва ижтимоий тузилиши ҳақида кенг тасаввур ҳосил қилади.
Олтин билaгузуклар
Экспозицияда намойиш этилаётган олтин билaгузуклар Бақтрия жамиятида ижтимоий мақом ва бойликнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланган. Соф олтиндан ясалган ушбу тақинчоқлар ақиқ, феруза ва лочинтош каби ярим қимматбаҳо тошлар билан безатилган. Улар нафақат зеб-зийнат буюми, балки қудрат, ҳокимият ва фаровонлик рамзи сифатида ҳам талқин этилган.
Маржон ва бўйин тақинчоқлари
Маржон ва бўйин тақинчоқлари Бақтрия заргарлик санъатининг юксак даражасини кўрсатади. Олтин найча шаклидаги мунчоқлар билан лочинтош, ақиқ ва ферузанинг уйғун терилиши нафақат эстетик дид, балки чуқур рамзий маънони ҳам ифодалайди. Бу буюмлар қадимда инсон учун руҳий муҳофаза ва маросимий аҳамиятга эга бўлган.

Олтин пичоқ қини
Экспозициядаги энг ноёб экспонатлардан бири милоддан аввалги IV асрга оид олтин пичоқ қинидир. У Аҳамонийлар даври ва Искандар Македонский юришлари билан боғлиқ тарихий жараёнларни акс эттиради. Қин юзасидаги ҳайвонлар ва афсонавий образлар сак, суғд ва бақтрия санъати анъаналарининг ўзаро уйғунлигини намоён этади.
Марказий Осиё ҳудудида исломдан олдин ҳам юксак маданий, бадиий ва маънавий муҳит мавжуд бўлганини ишончли тарзда тасдиқловчи ушбу ноёб артефактлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Буюк Британиядан келтирилган.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа