Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги видеолавҳа дунёнинг етакчи Euronews ва CNN халқаро телеканалларида намойиш этилди.

 

Унда 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Ислом — бу маърифат, инсонпарварлик ва бағрикенглик дини” деган тамойил марказ фаолиятининг пойдевори экани алоҳида таъкидланади. Шунингдек, Марказнинг ғоявий асослари, ноёб лойиҳалари ҳамда бой илмий-маънавий мероси халқаро аудиторияга тақдим этилган. 

 

Видеолавҳада Марказ делегациясининг дунё бўйлаб олиб бораётган изланишлари, йўқолиб кетган маданий ва тарихий мерос намуналарини ватанга қайтариш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ёритилган. Қисқа вақт ичида мингдан ортиқ ноёб артефактлар Ўзбекистонга қайтарилди, яна мингга яқин экспонат эса саховатли хайриячилар ва санъат дилерлари томонидан марказ фондига ҳадя қилинди.

 

Шунингдек, Марказ таркибидаги болалар музейи, 200 мингдан ортиқ қўлёзмалар сақланадиган кутубхона ҳамда ноёб тарихий ёдгорликлар, жумладан, ЮНEСКОнинг “Жаҳон хотираси” реестрига киритилган VII асрга оид Усмон Мусҳафи ҳақида маълумот берилади.

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий ва илмий меросни асраб-авайлаш ҳамда қўлёзмаларни ватанга қайтариш масаласига қаратаётган алоҳида эътибори таъкидланади. Марказ яқин келажакда ўз эшикларини очиб, жамоатчиликка тақдим этилиши режалаштирилган.

 

Euronews ва CNN орқали намойиш этилган ушбу видеолавҳа Ислом цивилизацияси марказини замонавий Ўзбекистоннинг маърифий ва маданий рамзи сифатида жаҳон ҳамжамиятига танитишга хизмат қилмоқда.