100 йилдан кейин ҳам томоша қилинадиган фильмлар: Марказий Осиё цивилизацияси қандай қайта тирилмоқда?

Агар 100 йилдан кейин кимдир Марказий Осиё тарихи ҳақида фильм кўрса, у Европада Ренессанс бошланишидан анча аввал бу заминда илм-фан гуллаб-яшнаганини англайди. Ислом цивилизацияси марказида яратилган фильмлар айнан шу ҳақиқатни оддий, равшан ва таъсирли тарзда кўрсатишни мақсад қилган. Бу жараённи яқиндан кузатган машҳур режиссёр Али Ҳамроев тафсилотлар билан ўртоқлашди:
– Бизнинг экспертлар гуруҳимиз қарийб икки ҳафтадан бери Ислом цивилизацияси марказида ишламоқда. Биз марказда яратилган қисқа метражли фильмларни кўриб чиқяпмиз. Ушбу фильмлар Осиёнинг Марказий қисмида илм-фан, маданият ва санъат ривожи тарихи ҳақидаги янги маълумотларни ёритади. Биз бу ерда бутун Марказий Осиёни қамраб оламиз. Географик жиҳатдан эса Ҳиротдан тортиб Қозоғистон даштларигача, шарқда Туркман чўлининг ҳудуди ва ундан яна Тяньшан тоғларига қадар ажойиб цивилизация мавжуд бўлган.
Қисқа метражли фильмларни томоша қилар эканмиз, муаллифлар бу цивилизация ҳақида оддий, равшан ва қизиқарли тарзда ҳикоя қилишга интилишганини кўрамиз. Ва келажакда, 100 йилдан кейин, 200 йилдан кейин бу фильмларни кўрадиган одамлар Улуғбек Мирзо, Хоразмий, Ибн Сино, Бобур каби жаҳон маданиятининг улуғ намояндалари Европада илмий юксалиш бошланишидан анча аввал яшаган ва фаолият юритганини тушуниб етадилар. Чунки Европада айрим жасур олимларни “Ер текис эмас, балки юмалоқ” дегани учун, ёки сайёралар ҳаракатини тушунтиргани учун қийнаб, ёқиб юборар эдилар. Аммо бу ерда, Марказий Осиёда, Улуғбек катта илм-фан соҳаларини очиб берган, келажак авлодларга улкан мерос қолдирган.
Биз кўрган фильмлар турлича: режиссёрлари, сценарий муаллифлари, олим-маслаҳатчилари ҳам бошқа-бошқа. Шунинг учун уларнинг профессионал даражаси ҳам фарқ қилади. Биз ўз таклифларимизни бердик, баъзи хатоларни тузатишга ёрдамлашдик.
Олимлар сценарийнавис ва режиссёрга Улуғбек Мирзо, Бобур, Хоразмий, Бухорий ҳақида барча маълумотни етказишни айтишган. Биз уларга ҳар бир янги фикрни янги оҳанг билан бошлашни тавсия қилдик.
Шунингдек, режиссёрлар сунъий интеллектдан жуда яхши фойдаланишган, лекин шунга қўшимча равишда тирик кадрлар — кинохроника, табиат манзаралари, дарё, сув, қушлар овози бўлиши зарур. Чунки сунъий интеллект тасвирлари бир хил, бир маромда бўлгани учун томошабинни чарчатиши мумкин.
Роликларда мусиқада нафақат фон, балки таъсирли, миллий оҳанглар бўлиши керак. Биз миллий мусиқадан ҳам фойдаланишни таклиф қилдик.
Шунингдек, фильмларда ҳурматли шахслар кадрда кўринса, албатта титр ёки овоз орқали бу ҳақда маълумот беришни тавсия қилдик. Чунки 100 йилдан кейин бу роликларни кўрганлар "Бу ким? Нима муносабат билан иштирок этган?" деб тушунмай қолиши мумкин.
Айниқса, Амир Темур ва ирригация ҳақидаги фильмлар жуда ёрқин ва таъсирли чиққан. Муаллифлар одамларнинг ҳар қандай об-ҳавода — ёмғирда ҳам, қорда ҳам канал қазиб, сув йўлларини барпо этганини кўрсатишган. Бу ердаги суғориш тизими минг йиллар давомида яшаб келаётганини фильмда жуда яхши очиб беришган.
Дастлабки агроном ўзбекистонлик бўлгани ҳақидаги фильм ҳам жуда қизиқарли.
Жадидлар ҳақидаги ролик эса айниқса аҳамиятли. Чунки жадидлар илм, маърифат ва янги ғояларни олиб кирган илк ислоҳотчилар эдилар. Улар коммунистлар томонидан таъқиб қилинган, қамалган, отиб ташланган. Уларнинг тақдири ҳақидаги фильм катта қизиқиш уйғотади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жуда катта ва муҳим иш бошлади. Чунки собиқ совет даврида кўплаб олимлар, шоирлар, зиёлилар ҳақида гапириш тақиқланган эди. Кўплаб номлар йўқолиб кетди. Марказ эса ўз ходимларини турли давлатларга юбориб, Эрон, Туркия, Покистон, Ҳиндистон, Англия, Франция, Испания, Америкада катта изланишлар олиб борди. Йўқолган қўлёзмалар, номлар, расмлар, миниатюралар, илмий ҳисоб-китоблар, чертежлар топилди. Уларни сотиб олишди ёки нусхаларини кўчириб келтиришди.
Фильмларда ана шу катта изланишлар ўз аксини топгани жуда яхши. У ерда қўлёзмалар, олимлар фаолияти, тар ихий мерос кўрсатилади. Биз ўнлаб, ҳатто юзлаб янги номларни ўргандик ва уларни яна ўзбек халқининг тарихий меросига қайтардик.
Албатта, ўша даврларда портретлар йўқ бўлган. Аммо бугунги рассомлар ўта нозик тафаккур билан Амир Темур, Улуғбек Мирзо, Бобур, Ибн Сино, Хоразмий, Бухорий, Термизий, Фарғоний кабиларнинг эҳтимолий қиёфаларини қайта тиклашди ва келажак авлодлар учун сақлаб қолишмоқда. 100 йилдан кейин ҳам уларнинг қиёфаси айнан шундай қабул қилиниши мумкин, гўё бу ҳақиқий тарихий портретдек.
Қисқа ролик орқали катта тарихни айтиб бериш мумкинми? Ислом цивилизацияси марказида яратилган фильмлар айнан шу саволга жавоб излайди. Уларда Улуғбек, Хоразмий, Ибн Сино, Бобур каби алломалар фаолияти, Амир Темур давридаги ирригация тизимлари ва жадидларнинг фожиали тақдири янги форматда намоён бўлади. Экспертлар эса бу фильмлар ҳақида ўз тавсия ва мулоҳазаларини билдирди.
– Менимча, “Ўзбекистоннинг жонли тарихи” туркумлари учун катта келажак бор. Чунки янги режиссёрлар, янги сценарийчилар келади, улар бу фильмларни ўрганади, олимлар билан бирга яна номаълум шахсларни тадқиқ этади. Кейинги 10–20 йилда яна кўплаб номлар очилади.
Шунинг учун кичик роликлардан ташқари Ислом цивилизацияси маркази ҳақида йирик ҳужжатли фильм яратиш зарур. Беш дақиқалик ролик эмас, балки тўлиқ метражли фильм. Чунки бу мавзу — Ўзбекистоннинг ташриф қоғози, бугунги кунда бутун ислом дунёсидаги марказлардан бири бўлиб турган муассаса ҳақида тўлиқ ҳужжатли фильмга арзийди.
Мен ишонаманки, буни келажакда ёш режиссёрлар амалга оширади. Барчага омад тилайман. Ва умид қиламанки, биз томошабинларга, интернетда янги маълумот қидирувчиларга Ўзбекистон ҳақида, унинг улуғ инсонлари ҳақида тўлиқ ва қизиқарли маълумот бериб борамиз.
Ислом цивилизацияси марказида бошланган иш — бу шунчаки фильмлар эмас, балки йўқолган тарихни халққа қайтариш ҳаракатидир. Қўлёзмалар, сунъий интеллект, жонли кадрлар ва миллий мусиқа орқали Марказий Осиё цивилизацияси янги авлодга қайта тақдим этилмоқда.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа