Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 2026 йилнинг биринчи Илмий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 2026 йилнинг биринчи Илмий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Кенгаш аъзолари — Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов, Имом Бухорий инновацион музейи директори Шовосил Зиёдов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси Аҳмед Реймов, шунингдек, Марказ раҳбарияти ва ходимлари иштирок этди.

 

Йиғилиш кун тартибидан Марказ фаолиятига доир 20 га яқин долзарб ва стратегик аҳамиятга эга масалалар ўрин олди. Илмий кенгашни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кириш сўзи билан очиб берди.


У ўз нутқида Марказ фаолиятидаги муҳим босқичлар, эришилган натижалар ва олдинда турган устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, 2025 йил 29 январь куни бўлиб ўтган, 800 дан ортиқ лойиҳани қамраб олган мега тақдимот Марказ тарихида муҳим воқеа сифатида қайд этилди. Мазкур тақдимот Президентимиз иштирокида бўлиб ўтди ва давлатимиз раҳбари барча лойиҳаларни батафсил кўриб чиқиб, тегишли топшириқлар берди.

 

Натижада, “Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар” концепциясини  Марказ экспозициясига жорий этиш тасдиқланган. Шунингдек, 2025 йил 14 март куни мазкур бинода Бош вазир раислигида бўлиб ўтган Васийлик Кенгаши йиғилишида ушбу лойиҳалар тўлиқ маъқулланиб, уларни молиялаштириш ва ташкилий жиҳатдан таъминлаш бўйича аниқ қарорлар қабул қилингани таъкидланди.

 

Маълум қилиндики, ўтган йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказга беш маротаба ташриф буюрган бўлиб, бу давлат раҳбарининг ушбу лойиҳага бўлган юксак эътибори ва ишончининг яққол ифодасидир.

 

Шу топшириқлар ижроси доирасида 2025 йил октябрь-ноябрь ойларида Марказ ўзининг илк нуфузли меҳмонларини қабул қилди. Марказий Осиё ва Озарбайжон Республикаси давлат раҳбарлари, шунингдек, фан, маданият ва кино соҳаси вакиллари ҳамда етакчи илмий муассасалар раҳбарлари иштирокида ўтган мазкур тадбир Марказ учун муҳим синов бўлиб, юқори баҳоланди.

 

Бундан ташқари, 25 та давлатдан 130 нафардан ортиқ халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган форум доирасида музейлар раҳбарлари ва илмий муассасалар вакиллари Марказ экспозицияси ва ғоявий ечимларига юксак баҳо бердилар.

 

Йиғилишда яна бир рамзий воқеа алоҳида эътироф этилди. Хорижий нуфузли меҳмон — Паоло Замполли томонидан АҚШ Конституциясининг ноёб нашри Марказга туҳфа этилгани Марказга бўлган юксак ҳурмат ва ишонч рамзи сифатида баҳоланди.

 

Илмий кенгашда биринчи навбатда Марказнинг тантанали очилишига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, гидларни тайёрлаш, меҳмонларни юқори савияда кутиб олиш, соатига 500 нафаргача ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятларини яратиш, кириш-чиқиш назорати, кутубхонадан фойдаланиш тартиби ҳамда имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар маъқулланди ва тасдиқланди.

 

Шунингдек, “Art Vernissage” компанияси томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар, жумладан, экспозиция этикетажларини QR-кодлаш жараёнлари, музей ва кутубхона фондини шакллантириш, экспонатлар матнларини тайёрлаш бўйича ҳисобот тингланди ва жорий йилда ушбу ишлар давом эттирилиши белгиланди.

 

Йиғилишда Имом Бухорийга бағишланган китоб-альбом лойиҳаси тақдимот қилинди. Шу билан бирга, Имом Бухорий мажмуаси ҳақида видеоролик тайёрлаш орқали уни кенг тарғиб қилиш таклифи илгари сурилди.

 

Бундан ташқари, Бен Кингсли иштирокида суратга олинган “Маърифат акс-садоси” туркум фильми доирасида Фарғоний, Хоразмий ва Ибн Синога бағишланган видеоматериаллар намойиш этилди ва кенгаш аъзолари томонидан ижобий баҳоланди.

 


Қуръони карим залига кириш тартиби, дресс-код жорий этиш, зал ҳақида тач-панеллар орқали маълумот бериш, маппингда «Иқро» сурасининг 1–2-оятлари ва «Ихлос» сурасини жойлаштириш ҳамда милодий-ҳижрий тақвим тақдимоти маъқулланди.

 

Шунингдек, “Ўзбекистон ХХ асрда” бўлими экспозицияси, экспозиция заллари орқали ўтувчи туннеллар дизайни тақдимот қилинди. Ушбу бўлимни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.


Йиғилиш якунида медиа ҳамкорлик, аудиогидлар ва видеоконтент тайёрлаш, медиа гуруҳ фаолиятини 2026 йилда давом эттириш ва моддий техника базасини такомиллаштириш, хорижий ОАВлар билан ҳамкорлик, шунингдек,  масалалари муҳокама қилинди.


Илмий кенгаш якунида кўрилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиниб, ижро учун масъуллар белгилаб олинди.