Ижод аҳли учун илҳомбахш маскан

Сўз ва тафаккур цивилизациянинг энг мустаҳкам таянчларидан биридир. Адабиёт эса асрлар давомида жамият хотираси, маънавий дунёси ва руҳий қиёфасини шакллантириб келган. Шу маънода, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарих, илм ва маърифат билан бир қаторда бадиий фикр тараққиётини ҳам мужассам этган ноёб макон сифатида эътиборга сазовор. Ана шу маънавий муҳит билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси делегацияси Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Делегацияни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олиб, Президентимиз муаллифлиги асосида бунёд этилган Марказнинг қурилиш жараёнларидан тортиб ғояси ва мазмуни, мақсади ҳақида батафсил маълумот берди.
Ташриф давомида ижод аҳли Марказ музейининг асосий экспозициялари, жумладан, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар, қўлёзмалар ва ёзма манбалар, ислом маънавияти ҳамда илмий меросни акс эттирувчи экспонатлар билан танишдилар. Ёзувчилар таъкидлашича, мазкур экспозициялар орқали бу заминда сўз, илм ва тафаккурнинг асрлар давомида узвий ривожланиб келганини яққол ҳис этиш мумкин.


Айниқса, қадимий қўлёзмалар, мутафаккирлар асарлари ва маърифат анъаналарини ёритувчи бўлимлар ижодкорларда чуқур таассурот қолдирди. Уларнинг фикрича, ушбу мерос бугунги адабий жараёнлар учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасининг раиси:
– Ислом цивилизацияси маркази бугунги Янги Ўзбекистоннинг бош меъмори бўлган Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган, тарих ва замонавийлик уйғунлашган муаззам маскандир. Бу замин Ҳазрати Навоий, Жомий, Восифий сингари буюк алломалар билан боғлиқ муқаддас макондир. Уларнинг мероси, илмий ва маънавий излари бу ерда ўз аксини топган.
Ўзбекистон — она Ватанимиз тарихи қатлам-қатлам даврлар ва эврилишлардан иборат улкан меросдир. Биз ҳозиргина қисқа фурсатда ушбу тарихнинг фақат бир қатламига, ҳатто бир йўлагига назар ташлаганимизнинг ўзи чуқур таассурот қолдирди. Шу боис, бу масканда гўё ўзимиз ҳам ўз тарихимизнинг меҳмонига айлангандек бўлдик. Марказга ташриф буюрган хорижий меҳмонлар, хусусан, Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси иштирокчиларининг ҳайрат ва ҳаяжони эса кишида алоҳида фахр уйғотади. Чунки бу ерда намоён этилаётган бойликлар — тарихимизнинг ҳали мингдан бир қисмидир, холос. Дунёнинг турли музейлари, кутубхоналари ва нодир фондларида бизга тегишли қўлёзмалар ва тарихий ашёлар сақланмоқда. Шубҳасиз, улар вақт-соати келиб ўз юртига қайтади.
Аммо энг муҳим масала — ана шу улкан тарихга муносиб авлодни тарбиялашдир. Бу барчамизнинг: ота-оналар, устозлар, жамият зиммасидаги муқаддас вазифадир. Ёшлар кимнинг фарзанди эканини, қаердан келиб, қаёққа бораётганини англаб етиши, билим ва китоб билан улғайиши лозим. Болага йўл-йўриқ кўрсатилса, у ўз йўлини топади. Ҳазрати Бобур бежиз “Йўлни қайдин йўлчи топар, раҳнамо кўрсатмаса”, демаган.
Бугун оилада ота-она, мактабда устоз, жамиятда маҳалла тарбия масъулиятини биргаликда зиммасига олмоқда. Бу назорат эмас, балки фикрни чархлайдиган, китобга, илмга, тафаккурга етаклайдиган муҳит яратишдир. Чунки бундай теран тарих ҳар қандай халқда ҳам мавжуд эмас. Эркин Воҳидов айтганидек: “Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, ўзбегим”. Ана шу минг асрлик тарихнинг тирик гувоҳларини биз бу ерда яққол кўрдик.
Бугунги меъморчилик, нақш, наққошлик ва миниатюра санъати ютуқлари билан бунёд этилган ушбу марказни фақат табриклаш, кўриш, англаш ва ўрганиш мумкин. Чунки Ватанини билган, тарихини англаган инсон уни ҳеч қачон сотмайди.
Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари:
– Ҳақиқатан ҳам, бугунги дунё олдида турган энг муҳим вазифалардан бири — маърифатдир. Чунки айнан маърифат бор жойда илм бўлади, илм бор жойда юксак маънавият шаклланади, тарих англанади, бағрикенглик қарор топади. Фақат ана шундай муҳитдагина инсоният ўз бахти, келгуси авлодлар тақдири учун тинч, фаровон ва ҳамжиҳат оламни барпо этиши мумкин.
Дунёда музейлар кўп, ўтмиш ҳақида сўзловчи масканлар ҳам бисёр. Аммо Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказининг асосий моҳияти мутлақо ўзига хос. Бу ерда муқаддас ислом дини руҳида камол топган олиму уламолар, давлат арбоблари, ҳунармандлар, ижод аҳли ва илм-фан соҳибларининг фаолияти, энг аввало, инсоният бахти ва тараққиётига қаратилгани яққол намоён этилади. Улар яратган илм-фан нафақат шу ҳудуд, балки бутун дунё равнақига хизмат қилган.
Агар бу ғояни Президент таъбири билан икки сўзда ифода этсак, бу — жаҳолат устидан маърифатнинг устуворлиги демакдир. Ана шу руҳ музейни бошидан охиригача қамраб олган: ҳар бир экспонат, ҳар бир экспозиция инсон қалбига маърифат нури, маърифатга даъват улашиб туради. Шу жиҳатдан бу масканнинг тарбиявий аҳамияти беқиёс.
Бу ерда фақат бир миллат ёки муайян ҳудуд тарихи эмас, балки асрлар давомида инсониятга эзгу неъмат қолдирган улуғ зотлар мероси, уларнинг илми ва тафаккури қандай қилиб башарият камолига хизмат қилгани ҳақида сўз боради. Бу мерос қандай мактаб, қандай дорулфунун бўлиб келгани ҳақида чуқур мушоҳада қилиш имкони яратилади.
Мен бу ерга, адашмасам, учинчи марта келяпман. Илк ташрифимда бир босқич билим олган бўлсам, кейинги сафар яна бошқа қирралар очилди. Бугун эса бу маскандан мутлақо янги тафаккур, янги дунёқараш, янги руҳ ва энг муҳими, қалбимда янги мақсад билан чиқиб кетяпман. Ана шу мақсад инсонни эзгуликка, бунёдкорликка етаклайди. Ана шу мақсад бизга ҳамиша жаҳолат устидан маърифат устувор бўлиши йўлида хизмат қилиш масъулиятини юклайди.
Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Халқаро Амир Темур жамоат фонди раиси:
– Мен бу ерда яқинда бўлиб ўтган катта йиғилишлар сабаб уч кун кетма-кет келдим. Лекин уч кунда бу марказни тўлиқ англаб бўлмас экан. Буни кунлаб, ойлаб келиб ўрганиш керак. Чунки бу жуда улкан хазина. Мен ўзим тарих ўқийман, асарлар ёзаман, аммо тарихимиз шунчалик бой эканини тасаввур ҳам қилмаган эканман. Ростдан ҳам ҳайратдаман.
Ўйлаб қолдим: агар илгарироқ шундай марказ бўлганида, асарларим янада чуқурроқ чиқар эди. Бу муболаға эмас. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жуда буюк иш амалга оширилган. Бу бино Амир Темур бобомиз айтган “Қудратимизга шубҳа қилганлар, биз қурган биноларга боқсинлар” деган сўзларнинг яққол исботидир.
Бу марказ тарихимиз ва маданиятимизни бутун дунёга кўрсатадиган, ғурур ва ҳайбат уйғотадиган улуғ маскандир. Ҳали бу фақат бошланиши. Келажак авлодлар буни кўриб фахрланади. Шу ишга ҳисса қўшган барча олимлар ва зиёлиларга миннатдорчилик билдираман. Биз тарихимиз борлигини нафақат айтдик, балки кўрсатиб ҳам қўйдик.

Ташриф якунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари Ислом цивилизацияси марказини нафақат тарихий-маърифий муассаса, балки адабиёт, тафаккур ва ижод учун илҳом бағишлайдиган муҳим маънавий макон сифатида баҳоладилар.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа