Польша депутатлари Ўзбекистонни қадимий цивилизация сифатида тан олди


Польша Республикаси парламент қуйи палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси раиси Ковал Павел бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиеёв ташаббуси билан бунёд этилган Марказ экспозицияларини ҳайрат билан кузатдилар. Уларнинг сўзларига кўра, Биринчи Ренессанс бўлимида Мовароуннаҳр заминида етишиб чиққан буюк мутафаккирлар, илмий мактаблар ва қўлёзмалар мероси минг йиллик таълим ва илм-фан анъанасининг қанчалик бой ва узлуксизлиги яққол намоён этилган. Делегация аъзолари ушбу тарихий бойликнинг бугунги Ўзбекистон тараққиёти ва халқнинг маънавий асосини шакллантирганини катта қизиқиш ва ҳурмат билан қайд этдилар.

Ковал Павел, Польша Республикаси парламент қуйи палатаси Ташқи ишлар қўмитаси раиси:
– Бу музей ниҳоятда ноёб ва ўзига хос маскан. Мен илгари тарихни шу қадар замонавий услубда, бир вақтнинг ўзида нозиклик ва ғамхўрлик билан намойиш этадиган объектни кўрмаганман. Бу жой энг аввало ёш авлод учун, шунингдек, хориждан келган меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой тарихи ва бугунги кунини ҳикоя қилиш мақсадида яратилган.
Менимча, бу масканнинг энг муҳим хабари жуда оддий: Ўзбекистон қадимий цивилизация сифатида, кўплаб замонавий Европа давлатлари пайдо бўлишидан аввал мавжуд бўлган маданиятнинг ажралмас қисми бўлган. Ўзбекистон ўз уйида; унинг фуқаролари, бу ерда яшовчи халқлар ушбу заминнинг ҳақиқий эгалари ҳисобланади. Айнан шу чуқур ва бой диний ҳамда маданий анъаналар асосида улар бугунги замонавий ҳаётни, бугунги воқеликни барпо этмоқдалар. Бу — энг муҳим жиҳат.
Ўйлайманки, музейни кўрган ҳар бир инсон тезда шуни англайди: ўзбеклар ўз юртида яшамоқда ва улар ҳеч кимга ҳеч нарсани исботлашга мажбур эмас. Шунчаки, ўз анъаналари, тарихий мероси ва қадриятлари асосида бугунги дунёда содир бўлаётган жараёнларга катта ҳисса қўшмоқдалар. Бу жой нафақат тарихни намойиш этади, балки халқнинг ўзига хослигини, мустақиллигини ва маданий меросини бутун дунёга исботлайди.
Иккинчи Ренессанс бўлимида ташкил этилган тарихий мероснинг замонавий тақдимоти делегация аъзоларида чуқур таассурот қолдирди. Уларнинг таъкидлашича, мазкур экспозициялар ўтмиш ва ҳозирги замон ўртасида узвий боғлиқликни намоён этади ва Ўзбекистоннинг бой тарихи замонавий ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.


Шунингдек, меҳмонларни “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлими, Қуръони карим зали ва ноёб тарихий экспонатлар кўп ҳайратлантирди. Делегация ушбу заминдаги маданий анъаналар ва замонавий ислоҳотлар ўртасидаги уйғунлик уларда катта эҳтиром уйғотганини таъкидлади.
Анджей Диха, Польша инвестициялар ва савдо агентлигининг бошқарув раиси:
– Биз ҳозир ниҳоятда гўзал ва бетакрор маскандамиз. Бу ерда минг йиллик тарих жамланган — буюк инсонлар тарихи, чуқур маъноли ва илҳомлантирувчи ҳикоялар мужассам. Айнан шу тарих ушбу мамлакатнинг илдизи ва мустаҳкам пойдеворини ташкил этади. Ростини айтсам, бу жуда катта таассурот қолдиради ва Ўзбекистоннинг нақадар кучли тарихий асосга эга эканини яққол намоён этади.
Шу сабабли ҳам ўзбек халқи менинг мамлакатим — Польшада, шунингдек, бутун Европада яхши танилган ва катта ҳурматга сазовор. Бунинг асосий сабаби — улкан тарихий ва маданий меросдир.
Бу ерда мени энг кўп ҳайратга солган жиҳатлардан бири — таълим тарихининг ниҳоятда қадимийлиги бўлди. Бу ерда жуда кўп қўлёзмалар ва ёзма манбаларни кўриш мумкин. Улар минг йиллар аввал ҳам ушбу заминда яшаган инсонлар университетлар, кутубхоналар барпо этганини, ўша даврдаёқ юксак даражадаги илм-фан ва санъат асарларини яратганини яққол кўрсатади.
Менинг фикримча, ана шу бой тарихий замин бугунги Ўзбекистон тараққиётига, хусусан, Тошкент шаҳридаги жадал ривожланишга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Ўтмиш билан бугун ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд. Ўтмишда эришилган ютуқлар бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ривожланиш жараёнларида ўз аксини топмоқда.
Бугун Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ўсиши бўйича етакчи давлатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Менимча, бугунги муваффақиятлар бевосита шу заминда яшаб ўтган аждодларнинг бой мероси, уларнинг қолдирган кучи ва руҳий энергияси билан чамбарчас боғлиқ.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа