Эронда сақланаётган Темурийлар Қуръони факсимилеси Ўзбекистонда!

 

 

Янги Ўзбекистонда миллий ва исломий меросни асраб-авайлаш, уни илмий асосда ўрганиш ҳамда жаҳон жамоатчилигига муносиб тақдим этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ана шу эзгу мақсад йўлида Президент ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий хотирани сақлаш, балки уни замонавий илмий ва маърифий мазмунда қайта тиклашга хизмат қилмоқда. 

 

Марказ ташаббуси билан юртимиз тарихи ва маънавиятига дахлдор бўлган ноёб қўлёзмаларни излаб топиш, ўрганиш ва уларнинг факсимил нусхаларини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Шу йўналишда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) томонидан амалга оширилган «Ўзбекистонга оид 114 Қуръон қўлёзмаси» лойиҳаси алоҳида аҳамият касб этади. Лойиҳа доирасида дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган, Ўзбекистон тарихи билан узвий боғлиқ бўлган 114 та нодир Қуръон қўлёзмаси танлаб олинди ва улар асосида рамзий маънога эга бўлган факсимиле Қуръон нашр қилинди. Бу ташаббус Қуръони каримдаги 114 та суранинг маънавий уйғунлигини ўзида мужассам этгани билан ҳам ўзига хосдир.

 

Ушбу лойиҳада Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон қўлёзмалари, айниқса, Иброҳим Султон Қуръони алоҳида ўрин тутади. Иброҳим Султон — Соҳибқирон Амир Темурнинг набираси, Шоҳрух Мирзонинг ўғли бўлиб, у тарихда нафақат давлат арбоби, балки илм-фан, адабиёт ва санъатнинг йирик ҳомийси сифатида ҳам ном қолдирган.

 

 

Иброҳим Султон томонидан кўчирилган Қуръони карим . ХV аср. Муҳаққақ хати, факсимиле. Эрон Миллий кутубхонаси ҳадяси.

 

Манбаларга кўра, Иброҳим Султон Амир Темур ва Шоҳрух Мирзо анъаналарини давом эттирган ҳолда олимлар, шоирлар, хаттотлар ва рассомларни қўллаб-қувватлаган. Давлатшоҳ Самарқандий, Мирхонд, Фасиҳ Ҳавофий ҳамда Абдураззоқ Самарқандий асарларида бу жараёнлар ҳақида қимматли маълумотлар учрайди.

 

Иброҳим Султон саройида Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си, Низомийнинг «Искандарнома»си, Жалолиддин Румийнинг «Маснавийи маънавий» асари, Шайх Саъдий «Куллиёт»и ҳамда Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»си каби ноёб асарлар кўчирилган. Унинг ташаббуси билан ҳадис илмига оид манбалар, жумладан, Имом Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» асари ҳам қайта нусхаланган.

 

-Иброҳим Султон қаламига мансуб Қуръон қўлёзмаларидан бири ҳижрий 830 йил рамазон ойида (1427 йил) кўчирилган бўлиб, бугунги кунда Нью-Йоркдаги Metropolitan Museum of Art фондида сақланади. Ушбу мусҳаф Темурийлар даври китобат санъатининг энг нодир намунаси сифатида эътироф этилган,- деди Филология фанлари доктори, профессор Афтондил Эркинов. 

 

Икки жилддан иборат мазкур Қуръон жуда нафис насх хатида, ҳар саҳифада 10 қатордан ёзилган. Матн олтин ва кўк рангларда безатилган, оятлар зарҳал айланалар билан белгиланган. Қўлёзманинг муқоваси тўқ қизил чармдан ишланган бўлиб, ички безаклари юксак бадиий маҳорати билан ажралиб туради.

 

Сўнгги йилларда ушбу ноёб мусҳафнинг тўлиқ факсимиле нусхасини яратиш бўйича кенг қамровли илмий ва техник ишлар амалга оширилди. Ҳар бир саҳифа юқори аниқликда рақамлаштирилиб, хат услуби, ранглар, қоғоз тузилиши ва саҳифалар кетма-кетлиги илмий асосда қайта тикланди. Натижада Иброҳим Султон Қуръонининг мукаммал факсимил нашри яратилди.

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин