Ҳуқуқ ҳимоячилари буюк тарих билан юзма-юз келишди

 

 

 

Тарих билан юзма-юз келиш, асрлар давомида шаклланган илм ва маънавият муҳитини бир маконда ҳис этиш мумкинми? Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мамлакатлари прокуратураларининг 20 нафар вакилларидан иборат делегация Президентимиз ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрар экан, мазкур саволга жавобни шу масканда топди. Марказда тарихий даврларнинг изчил ёритилиши, экспозицияларнинг яхлит мазмуни ва замонавий технологиялар билан уйғун тақдим этилиши меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.

 

Делегация аъзолари учун Марказ экспозициялари билан танишув “Шон-шараф зали”даги мозаика услубида яратилган монументал композициялардан бошланди. Ушбу тасвирларда буюк аждодларимизнинг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси равшан акс эттирилган бўлиб, залда шаклланган муҳит Ўзбекистон заминида вужудга келган цивилизациянинг кенг қамровини яққол намоён қилди.

 

 

 

Музейнинг “Исломдан аввалги давр” бўлимида қадимий цивилизациялар, илк шаҳар маданияти ҳамда археологик топилмалар асосида тайёрланган экспозициялар, хусусан, Фарғонанинг афсонавий отлари тасвирланган экспозиция делегация аъзоларида алоҳида қизиқиш уйғотди.

 

Биринчи ва Иккинчи Ренессанс бўлимларида буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси, қўлёзмалар ҳамда кашфиётлар интерактив форматда тақдим этилгани, шунингдек, рақамли ечимлар орқали берилган маълумотлар тарихий жараёнларни изчил ва яхлит англаш имконини берди.
 
Ташриф давомида энг катта эътиборни тортган бўлимлардан бири Қуръони Карим зали бўлди. Бу ерда VII асрга мансуб, ислом дини тарихида алоҳида аҳамият касб этувчи асл Усмон мусҳафи намойиш этилган бўлиб, уни бевосита кўриш меҳмонлар томонидан юксак маънавий қадрият сифатида баҳоланди.

 


Мегги Гурчиани, Грузия Бош прокуратураси ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик бўлими прокурори:

 

– Тошкентга, хусусан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига илк бор ташриф буюрдим. Менимча, тарихни айнан шундай замонавий усуллар орқали намойиш этиш бугунги кун учун энг тўғри ёндашувдир. Президентингиз Мирзиёев жаноби олийларининг маданий мерос ва маърифий йўналишга бу қадар юксак эътибори ҳамда ғамхўрлиги жуда таҳсинга сазовор.


Бу Марказ ёш авлод учун жуда муҳим маскан, деб ўйлайман. Бугунги ёшлар рақамли авлод ва бу ерда қўлланилган интерактив технологиялар уларни тарих ва маданиятга янада яқинлаштиради. Марказ экспозицияларида илгари фақат китобларда ўқиган тарихни бевосита кўриш ва ҳис қилиш мумкин. Бу Марказни албатта бошқаларга ҳам тавсия қиламан.

 

 

Амина Казбекова, Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси вакили:

 

– Марказнинг замонавийлиги, музейда яратилган инсталляциялар, интерактив экранлар ҳамда сунъий интеллект элементларидан фойдаланилгани мени чин дилдан ҳайратга солди. Бу ерда яратилган муҳит инсонни чуқур тарих қаърига олиб киради. Гўё ўша давр ичида юргандек бўласиз: бозорлар бўйлаб сайр қиласиз, Буюк Ипак йўли излари бўйлаб ҳаракатланаётгандек ҳис қиласиз. Тарихга бунчалик яқин бўлиш жуда ёқимли ва таъсирли.

 


Тилек Кудояров, Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

 

– Илгари ҳам кўплаб йирик музейларда бўлганман, аммо бу Марказ ўз кўлами ва мазмуни билан алоҳида ажралиб туради. Марказда касбий фаолиятим билан бевосита боғлиқ бўлган экспозицияларни ҳам кўрдим. Хусусан, буюк алломаларга оид конституциявий-ҳуқуқий қарашлар акс этган бўлимлар бизнинг соҳа учун катта аҳамиятга эга. Ёш мутахассисларга энг муҳим маслаҳатим — тарихни чуқур ўрганишдир. Буни айнан шундай масканларга ташриф буюриш орқали ҳис этиб англаш мумкин. Инсон фақат ўз тарихини эмас, балки қўшни халқлар тарихини ҳам билиши зарур. Чунки Ўзбекистон ва Қирғизистон тарихлари ўзаро чамбарчас боғлиқ. Сўнги йилларда давлатларимиз раҳбарларининг ўзаро дўстлик ва биродарлик муносабатлари ҳам юқори чўққига чиқмоқда. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз барча соҳаларда фақат юксалади.

 


Фуад Ҳусейнов, Озарбайжон Республикаси Бош прокуратураси Экстрадиция ва ҳуқуқий ёрдам бўлими прокурори:

 

– Мен аввало мазкур мажмуани бунёд этгани ва бутун дунё халқлари учун маърифий платформани ташкил этгани учун Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийларига чуқур ҳурматим ва ташаккуримни билдираман. Марказда Қуръони каримдаги мўъжизалар ҳақида жуда муҳим маълумотларга эга бўлдим. Энг ҳайратланарлиси — бу мўъжизалар VII асрдаёқ тилга олингани ва бугун уларни нафақат эшитиш, балки бевосита кўриш имконига эга бўлганимдир. Буни ўз кўзим билан кўрдим, ўз қулоғим билан эшитдим. Аввалроқ Қуръоннинг айрим тарихий нусхаларини Амир Темур музейида кўрган эдим, бугун эса айнан шу Марказда уларнинг мазмуни ва моҳияти чуқур очиб берилмоқда.


Бу Марказда ҳар бир инсонни ўйлантирадиган ва ҳайратга соладиган тарихий ҳамда маънавий экспонатлар бор. Улар инсонни мулоҳазага чорлайди, қалбига таъсир қилади. Шу билан бирга, айрим қадриятларнинг Кавказ минтақаси, хусусан, Озарбайжон  билан боғлиқлиги халқларимиз ўртасидаги муштарак тарихни яна бир бор эслатади. Бугун Ўзбекистон, Қирғизистон ва ушбу минтақалар ўртасидаги дўстона ва биродарлик ришталари маданият ва маънавият орқали янада мустаҳкамланиб бормоқда.

 

 

Делегация аъзоларининг умумий хулосасига кўра, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мазмунан бой экспозициялари, кенг тарихий қамрови ва замонавий тақдимот услуби билан халқаро аҳамиятга эга бўлган муҳим илмий-маърифий маскан ҳисобланади.