Экспозицияда муқаддас рамз – Маҳмил Ҳаж зиёратининг унутилмас саҳифаларини ёдга солмоқда
Каъбага олиб борилган муқаддас ёпқичлар, султонлар ҳадяси ва ҳаж карвонларининг тантанали рамзи бўлган маҳмил асрлар давомида ислом оламини бирлаштирган муқаддас анъаналардан бири ҳисобланган.
Бугун эса бу ноёб тарихий рамз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясида намойиш этилиб, ҳаж маросимининг унутилмас саҳифаларини ёдга солмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясидан ислом тарихида ҳаж маросими билан узвий боғлиқ бўлган энг муҳим ва муқаддас рамзлардан бири маҳмил ўрин олган. Нодир экспонатлардан бири ҳисобланган маҳмил ўз вақтида кисвани (Каъба ёпқичини) ёки айрим даврларда юқори мартабали аёлларни ташиш учун мўлжалланган, безакли ёпинчиқ билан қопланган махсус замбил-мослама ҳисобланади. Одатда Маҳмил туяга ўрнатилиб, Маккага йўл олган ҳаж карвонлари билан бирга олиб борилган.
Кисвани ташиш учун безакли ёпинчиқ билан қопланган махсус замбил-мослама.
1836-йил
Маҳмил ёки Маҳмал (арабча: مَحْمَل, маḥмал) атамаси араб тилидаги ḥамл - “кўтариш, ташиш” сўзидан келиб чиққан. У учи ўткир томли, туяга мослаб ясалган ёғоч каркасдан иборат бўлиб, усти мураккаб нақшлар билан безатилган тантанали мато ёпқич - ситр (зитр) билан ўралган. Бу ёпқичлар баъзан кисва ёки ситр ул-маҳмил деб ҳам аталган.
Мамлуклар даврига оид энг қадимги ёпқичлар сариқ рангда бўлиб, кейинчалик қизил ва яшил рангли намуналар кенг тарқалган. Ушбу матоларда султоннинг туғраси ҳамда Қуръони карим оятлари нафис кашталар билан ишланган.
Тарихий манбаларга кўра, илк маҳмил 1260-1277 йилларда Миср султони Байбарс томонидан юборилган. Кейинги асрларда эса Истанбул, Қоҳира, Дамашқ, Яман, Ҳайдаробод, Дарфур ва Темурийлар империяси ҳудудларидан ҳам маҳмиллар жўнатилган. Миср ҳаж карвонининг асосий йўли Қоҳирадан бошланган бўлсада, ХIV аср охирларидан эътиборан Асют шаҳридан ҳам ҳар йили алоҳида маҳмил билан карвон йўлга чиқа бошлаган.
Маҳмилнинг Маккага етиб келиши йирик диний воқеа сифатида қаралган. Маҳаллий аҳоли ва ҳожилар уни томоша қилиш учун йиғилган. Шаҳарга киришдан аввал сафар давомида ёпиб келинган оддий матолар ўрнига маҳмил ранг-баранг, безакли кисвалар билан алмаштирилган.
Турли мамлакатлардан келган маҳмиллар Каъба олдида энг шарафли жойни эгаллашга интилгани ҳам манбаларда қайд этилади. Маккадан қайтган маҳмил барака олиб келади, деган эътиқод кенг тарқалган бўлиб, одамлар унга қўлини теккизишни ёки рўмолларини қисқа муддатга ичига қўйишни табаррук амал деб билишган.
Маҳмил анъанасининг келиб чиқиши борасида турли қарашлар мавжуд. Турк сайёҳи Эвлиё Чалабий илк маҳмилларда Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) нинг муборак ашёлари – оёқ кийими, либоси ва косаси олиб юрилганини, шу боис маҳмил рамзий маънода Пайғамбар қабрини ифодалаганини ёзади. Бошқа бир назарияга кўра эса, биринчи Мамлук султони Шажар ад-Дурр ҳаж сафарини рангли тахтиравонда амалга оширган, унинг вафотидан кейин эса бу анъана бўш тахтиравон шаклида давом эттирилган.
Маҳмил ичидаги буюмлар масаласида ҳам манбалар турлича маълумот беради. Айримларига кўра, маҳмил бутунлай бўш бўлган, бошқаларида эса унинг ичида Қуръони карим ёки дуо китоби сақланган. 1575 йилга оид манбада олтин ҳарфлар билан ёзилган Қуръон олиб борилган маҳмил тилга олинади. ХIХ аср сайёҳлари эса баъзан Қуръон нусхалари маҳмил ичида эмас, балки ташқи қисмига махсус қимматбаҳо ғилофларда маҳкамланганини қайд этганлар.
Иброҳим Усмонов, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори:
"Турли даврларда Ҳижоз минтақасига Ироқ, Миср, Шом, Яман ва Туркия каби ўлкалардан маҳмил орқали Каъбапўш (Каъба ёпқич)лар жўнатилган. Бундай карвонлар билан бирга подшоҳлар ва султонлар томонидан ажратилган ҳадялар ҳам юборилиб, улар Қуддус, Мадинаи Мунаввара ва Макка аҳолиси ўртасида тарқатилган.
Тарихда энг кўп Каъбапўшни маҳмил орқали жўнатган давлат Миср ҳисобланади. Тахминан етти аср давомида бу юртда тайёрланган Каъбапўшлар Маккага юбориб келинган. ХХ асрда Саудия Арабистонида Каъбапўш тайёрлайдиган махсус фабрикалар ташкил этилгач, маҳмил орқали ташиш анъанаси тарихий меросга айланди."
Бугунги кунда маҳмил ҳаж маросимининг энг муҳим муқаддас ва рамзий тимсолларидан бири сифатида тарихда муҳрланиб қолган. 1836 йилда Султон Маҳмуд II буйруғи билан яратилган ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилаётган маҳмил ҳажнинг қадимий анъаналарини акс эттирувчи ноёб тарихий гувоҳликдир.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа