Имом Мотуридий илмий мероси ва унинг ислом таълимотидаги ўрни музей экспозициясида акс эттирилди

 

 

Марказий Осиё Биринчи Ренессанс даврида ислом тафаккурида янги давр бошланди. Ана шу илмий ва маънавий юксалиш жараёнида ақл ва эътиқод уйғунлигини илмий асослаган, сунний ақиданинг назарий пойдеворини мустаҳкамлаган буюк мутафаккир — самарқандлик Имом Абу Мансур Мотуридий ислом цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин тутади.

 

Имом Мотуридийнинг илмий мероси ислом илоҳиётининг шаклланишига беқиёс таъсир кўрсатди. У эътиқодни ақл-заковат асосида англаш, ақл ва ваҳий ўртасидаги уйғунликни асослаб бериш орқали сунний ақиданинг мустаҳкам назарий пойдеворини яратди. Жорий йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланаётгани унинг мероси бугун ҳам долзарб эканидан далолатдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Имом Мотуридий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази алломанинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш, шунингдек, дунё илоҳиётшунослари ўртасида самарали илмий мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

 

Абу Мансур Мотуридий ҳозирги Самарқанд вилояти Жомбой тумани таркибидаги Мотурид қишлоғида таваллуд топган. Умрининг охиригача шу ҳудудда яшаб, вафотидан сўнг Самарқанддаги Чокардиза қабристонига дафн этилган. Унинг илмий шаклланишига Самарқанддаги Иёзия ақидавий мактаби ва маҳаллий ҳанафий уламолар катта таъсир кўрсатган.

 

Мотуридий Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад ибн Ҳусайн Иёзий, Нусайр ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил Розий каби ўз даврининг машҳур олимларидан таълим олиб, кейинчалик ўзи ҳам фиқҳ ва калом илмларидан дарс берган.

 

 

Абдурасул Яхшибоев, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими: 

 

“Абу Мансур Мотуридий “Китоб ат-тавҳид” ва “Таъвилот аҳл ас-сунна” каби фундаментал асарлар муаллифидир. “Китоб ат-тавҳид” мусулмон илоҳиётшунослигида билиш назарияси муфассал баён қилинган дастлабки асарлардан бири саналади. Унда соф диний чегарадан чиқмаган ҳолда ақл-идрок улуғланади, мантиқан асосланган билимнинг аҳамияти эътироф этилади. Асарда ақидавий масалаларда адашган фирқаларнинг қарашларига илмий ва асосли раддиялар берилган. Олимнинг асосан, шу асарида мотуридий таълимоти ёритиб берилган ва бугунги кунга қадар унинг ғоялари ҳанафий мазҳаби вакилларининг ақидавий дастури сифатида хизмат қилади. “Китоб ут-тавҳид” кейинги даврларда йирик олимлар томонидан шарҳланди. Абул Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” асари шулар жумласидан.   

 


Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳли-с-сунна” асари ҳар томонлама мукаммал, илмий, фасоҳат жиҳатидан кучли услубга эга бўлган тафсир ҳисобланади. Ушбу асарни ўрганиш давомида Мотуридий услубидаги баъзи умумий йўналишлар билан бир қаторда фақат алломанинг ўзига хос, бошқалардан ажралиб турадиган тафсир услубларини ҳам кўриш мумкин. Бир жумла билан айтганда кенг қамровлилиги ва оятларнинг ҳар томонлама чуқур ўрганилиши билан бу тафсир бошқалардан ажралиб туради.


Шунингдек, Имом Мотуридий “Маъахиз аш-шароиʼ”, “Китоб ал-усул”, “Китоб ал-жадал” каби асарларида муҳим ақидавий масалаларни чуқур таҳлил қилган. У Имом Абу Ҳанифанинг қарашларини шарҳлаб, уларни янада ривожлантирди. Мотуридий таълимоти минтақанинг илмий-маданий юксалишига мустаҳкам замин яратди.”

 

Аллома ислом дини асосларини мантиқан тушунтириш, инсоннинг танлов ҳуқуқи, динлараро бағрикенглик ва ижтимоий ҳамжиҳатлик ғояларини илгари суриши билан ажралиб туради. Мотуридий илмий меросининг мустақил таълимот сифатида шаклланишида унинг шогирдлари ва издошларининг ҳиссаси беқиёсдир.


Хусусан, Абул Муин Насафийнинг “Табсират ал-адилла”, Умар Насафийнинг “ал-Ақоид ан-насафия”, Алоуддин Усмандийнинг “Лубоб ал-калом”, Нуриддин Собунийнинг “ал-Бидоя фи усул ад-дин”, Иброҳим Саффор Бухорийнинг “Талхис ал-адилла” ҳамда Абул Баракот Насафийнинг “Умда ал-ақоид” асарлари мотуридийлик таълимотининг илмий-назарий асосларини мустаҳкамловчи муҳим манбалар ҳисобланади.

 

Буюк ватандошимиз асос солган мотуридийлик таълимоти Марказий Осиё, Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё минтақаларида кенг ёйилиб, асрлар давомида эътиқод масалаларида бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат рамзи бўлиб келмоқда. Юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Имом Мотуридий ва Абул Муин Насафий зиёратгоҳлари тубдан таъмирланиб, обод ва муқаддас масканларга айлантирилди.

 


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг Биринчи Ренессанс даври бўлими 5-капсуласида Мотуридийлик таълимотининг дунё бўйлаб тарқалиши харитаси, Абу Мансур Мотуридий мақбараси макети, Абу Мансур Мотуридий илмий ишлари, издошлари, ақида илми, Янги Ўзбекистонда Имом Мотуридий меросига эътибор мавзуларида деворий матн паннолари, мутафаккирнинг XIV асрда кўчирилган “Тавилот аҳли ас-сунна” асари қўлёзмаси, 1737 йилда кўчирилган Абу Мансур Мотуридийнинг “Китоб ат-Тавҳид” асари қўлёзмасининг асл нусхаси қўйилди.

 

Шунингдек, исломнинг 5 рукни, Мотуридий илмий фаолияти, Мотуридий мактаби ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Имом Мотуридийга бўлган эътироф сўзлари роликлари қўйилган. Экспозицияда куфий хатидаги ақидага оид матнлар туширилган сопол идишлар жойлаштирилган.

 

Имом Мотуридий мероси бугунги кунда ҳам ислом илоҳий тафаккурининг муҳим таянчи бўлиб, инсонпарварлик, ақл ва эътиқод уйғунлиги ғояларини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Шаҳноза Раҳмонова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин