STAR: “Янги Ўзбекистоннинг юксалаётган уфқи”

 

Туркиядаги нуфузли “STAR” интернет газетасида Ўзбекистоннинг TURKSOYдаги вакили Шавкат Ортиқовнинг “Янги Ўзбекистоннинг юксалаётган уфқи” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида маданий-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, маданий меросни асраб-авайлашга қаратилган муҳим ташаббуслар ва уларнинг аҳамияти, хусусан, Ўзбекистонда рўёбга чиқарилган улкан ва ноёб лойиҳа – Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши ва унинг фаолиятига оид жараёнлар ҳақида сўз юритилган.

 

Ўзбекистонда таълим, маданият, илм-фан, санъат ва ёшлар тарбияси соҳаларида улкан лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бугун мамлакатда “Учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратиш” ибораси кенг қўлланиладиган муҳим тушунчага айланди.


Шавкат Ортиқов / TURKSOYда Ўзбекистон Республикаси вакили


2016 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти сифатида иш бошлаши билан мамлакатда нафақат сиёсий ҳаёт янгиланди, балки халқ ва давлат муносабатлари, маданий-руҳий муҳитда ҳам тубдан ўзгаришлар даври бошланди.


Бу жараёнда Ўзбекистоннинг Туркия, Озарбайжон, Туркманистон ва барча турк давлатлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилди. Турк давлатлари ташкилоти, TURKSOY ва бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди.


Дунёда иқтисодий жиҳатдан ривожланган кўплаб давлатлар мавжуд бўлса-да, маънавийлик, ахлоқ ва маданий қадриятларни сақлаш барча мамлакатларда бир хил даражада қадрланавермайди. Ўзбекистон эса тараққиёт фақат иқтисодий ислоҳотлар билан эмас, балки маданий ва маънавий юксалиш билан боғлиқ эканини англаб етган.
Шу боис таълим, маданият, илм-фан, санъат ва ёшлар тарбияси йўналишларида йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. “Учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратиш” тушунчаси мамлакат ҳаётида муҳим маънавий тамойилга айланди.


Тарих давомида Ўзбекистон замини икки буюк маърифат даврига – Биринчи ва Иккинчи Ренессансга бешик бўлган. Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Замахшарий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Марғиноний, Насафий, Улуғбек, Алишер Навоий ва Бобур каби зотлар инсоният тарихига йўл кўрсатган улкан шахслардир.


Бироқ асрлар давомида халқ оғир синовлардан ўтган, маданияти ва маънавиятини асраб қолиш учун курашган. ХХ аср бошидаги Жадидчилик ҳаракати ана шу курашнинг рамзи эди. Жадидлар таълим, илм, санъат ва матбуот орқали халқ онгини юксалтиришга, эркинликка етишишга ҳаракат қилдилар, кўплари бу йўлда ҳаётини фидо қилди.


Бугун жадидларнинг ярим йўлда қолган орзулари яна тикланмоқда.

 

Ислом маърифатини муносиб ўрганиш…


Хориждан келган меҳмонни Ўзбекистондаги музейлар ва тарихий шаҳарлар билан таништирардик, бироқ уч минг йиллик давлатчилик тарихини яхлит тарзда намоён этадиган масканга эга эмас эдик. 2017 йил 23 июндаги Президент қарори асосида қурилиши бошланган Ислом цивилизацияси маркази ана шу бўшлиқни тўлдирган мега лойиҳа сифатида ҳаётга татбиқ этилди. Бу маданий меросни асраш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий маданий-маърифий масканлар яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

 


Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида ислом динининг инсоний, тинчликпарвар ва маърифатли қийматларини бутун дунёга етказишни муҳим вазифалардан бири сифатида таъкидлаган. Шунингдек, Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк алломаларнинг исломнинг ёруғ қиёфасини инсониятга намоён этишдаги ўрнини алоҳида уқтирган.


2018 йил Рамазон ҳайити куни марказнинг пойдеворига тамал тоши қўйилди. Маросимда Президент шундай деган эди: “Бу марказни барпо этишдан мақсад — ислом маърифатини муносиб ўрганиш, аждодларимизнинг буюк меросини халқимизга ва жаҳон жамоатчилигига етказишдир.”


Саккиз йил давомида улкан бино ва инфратузилма қурилиши олиб борилди. Президент лойиҳани шахсан ўн марта кўздан кечирди ва уни такомиллаштириш учун ўндан ортиқ қарор ва фармойиш қабул қилинди.


Бино 161 метр узунликда, 118 метр кенгликда, уч қаватли ҳолда қадимий меъморий анъаналар ва миллий нақшлар уйғунлигида барпо этилган. Даҳлизлар 34 метр баландликда, марказдаги асосий гумбаз эса 65 метрга етади. Марказнинг юраги — Қуръони Карим зали бўлиб, бу ерда Ислом оламининг энг қадимий муқаддас ёдгорликларидан бири — Усмон мусҳафининг ноёб нусхаси намойиш этилади. Шу билан бирга, Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар даврига оид муқаддас қўлёзмалар, туркий тилдаги таржималар ва ноёб Қуръон ёзма нусхалари ҳам жой олади.


Охирги йилларда Ўзбекистон жаҳон музейлари ва хусусий коллекцияларида сақланаётган тарихий меросини қайтариш бўйича кенг қамровли дастурни амалга оширди.


Махсус ишчи гуруҳ Саудия Арабистони, Италия, Испания, Франция, Германия, Швейцария, Туркия, Буюк Британия, Россия, Малайзия, Покистон, Кувайт, Эрон каби давлатларида юздан ортиқ кутубхона ва музейлардаги ўзбек меросини ўрганди. Sotheby’s ва Christie’s аукцион уйларидан ҳамда хусусий тўпламлардан 580 дан ортиқ ноёб экспонатлар сотиб олинди.


2025 йил май ойида Christie’s савдосида Салжуқийлар даврига оид 35 та буюм ҳам Ўзбекистонга қайтарилди. Темурийлар даврига оид экспонатлар жаҳон антик бозорларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Хусусан, Мирзо Шоҳрух даврига тегишли “Меърожнома” асарининг биргина саҳифаси жуда юқори баҳоланган.


Ўзбекистон, шунингдек, Амир Темур амри билан кўчирилган улкан Қуръон нусхасининг бир қисми, Ибн Синонинг “Китоб уш-шифо” асари, Бобурийлар давридан қўлёзмалар ва миниатюраларни ҳам ватанига қайтарди.


Илм, санъат ва иймон бир ерда 


Марказда исломгача бўлган цивилизациядан бошлаб Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс ва Янги Ўзбекистон давригача бўлган тарихий йўл бир бутун тарзда намойиш этилади.


Афросиёб ва Далварзинтепадан топилган шахмат тошлари Ўзбекистоннинг шахмат пайдо бўлган ҳудудлардан бири эканини кўрсатади. Ургутнинг Мўминобод қишлоғида топилган 3300 йиллик най эса бу заминда мусиқа санъати неча минг йиллик анъанага эга эканини исботлайди.


Кутубхоналар, устахоналар ва халқаро ҳамкорлик


Марказнинг учинчи қаватида 350 минг босма китоб ва 5 миллион рақамли манбадан иборат замонавий кутубхона жойлашган. ЮНЕСКО, TURKSOY, ISESCO, IRCICA ва дунёнинг кўплаб илмий марказларининг офислари ҳам шу ерда фаолият юритади. Болалар учун махсус интерактив зоналар ташкил этилган.


2023 йилда ўтказилган Биринчи Олимлар форумида 500 га яқин мутахассис иштирок этди, 600 дан ортиқ таклиф ўрганилди. Кейин ташкил этилган Илмий кенгаш 40 га яқин йиғилиш ўтказиб, 200 дан ортиқ масалани кўриб чиқди.


2024 йил август ойида Тошкент ва Самарқандда ўтказилган “Буюк аждодлар мероси — Учинчи Ренессанс пойдевори” халқаро конгрессига 40 дан ортиқ давлатдан 350 олим қатнашди. 170 та лойиҳа ва 200 та таклиф қабул қилинди.


Марказ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, TURKSOY Бош котиби Султон Раев, ISESCO Бош директори Салим ал-Малик, IRCICA Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич ва Ислом дунёнинг нуфузли арбобларини қабул қилди. Президент Мирзиёев БМТнинг 80-сессиясида Ислом цивилизацияси маркази тез орада очилишини эълон қилди.


Марказ 13-15 ноябрь кунлари “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос — умумий келажак” номли йирик халқаро конгрессга ҳам мезбонлик қилди. Тадбир очилишида Президент Шавкат Мирзиёев йўллаган табрикномада марказнинг келажакдаги асосий вазифалари белгилаб берилди.


Президент Мирзиёев таъкидлади:

 

“Халқаро ҳамкорларимиз билан маънавий-маърифий меросни асраш борасида тажриба ва фикр алмашиш, қўшма тадқиқот ва лойиҳаларнинг устувор йўналишларини белгилаш доимий эътиборимизда бўлади. Сизларнинг иштирокингиз билан Ислом цивилизациясининг жаҳон маърифат тараққиёти ва илм-фанга қўшган ҳиссасига доир БМТ Бош Ассамблеясининг махсус қарор лойиҳасини тайёрлаш муҳим амалий қадам бўлади. Кейинги йили БМТ Бош қароргоҳида аждодларимизнинг бой илм-маърифат меросига бағишланган махсус тадбир ўтказишни режалаштирганмиз. Марказий Осиёнинг қадимий илмий-маърифий маркази сифатидаги нуфузини кучайтиришда биргаликда самарали ишлар амалга оширишимиз зарур.”


Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилган ҳар бир киши бу заминнинг жаҳон цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссасини кашф этар экан, чуқур ҳурмат ва ҳайрат туйғуларини ҳис этади. Бу марказ нафақат меъморий иншоот, балки Янги Ўзбекистоннинг руҳи, мақсади ва янгиланиш иродасини ифода этувчи маданий лойиҳадир.


Ўзбек халқи бундай ноёб марказга эга бўлгани билан ҳақли равишда фахрланади.