Жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган Хоразм Маъмун академияси дунёга янада кенгроқ тақдим этилмоқда

 

 

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Биринчи Ренессанс даври” бўлими, Маъмун академияси капсуласи

 

ХI аср бошларида Хоразм заминида шаклланган Маъмун академияси ўрта асрлар мусулмон Шарқида илм-фан, тафаккур ва кашфиётлар марказига айланди. Бу ерда Беруний ва Ибн Сино каби дунёвий тафаккур тарихини белгилаб берган алломалар илмий баҳслар орқали янги ғоялар яратдилар. Қисқа фаолият даврига қарамай, жаҳон цивилизацияси ривожида ўчмас из қолдирган ана шу Хоразм Маъмун академияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг “Биринчи Ренессанс даври” бўлимида алоҳида ўрин тутади. 

 

Маъмун академияси маърифатпарвар ҳукмдор Абул Аббос Маъмун II ҳомийлигида ташкил этилиб, 1004-1017 йилларда фаолият юритган. Бу даврда академия илм-фаннинг долзарб масалалари юзасидан тадқиқотлар олиб бориладиган, илмий мунозаралар ўтказиладиган йирик марказга айланган. Хусусан, Ибн Сино ва Берунийнинг машҳур илмий ёзишмалари айнан шу муҳитда шаклланган илмий баҳслар натижасидир.

 

Х аср охири – ХI аср бошларида Хоразмда давлат бошқаруви Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларидагига нисбатан анча мустақил бўлган. Қадимий Африғийлар сулоласи барҳам топгач, пойтахтни Кат шаҳридан Гурганжга кўчирган амир Абу Али Маъмун ибн Муҳаммад (995–997) ўзини Хоразмшоҳ деб эълон қилиб, Маъмуний хоразмшоҳлар сулоласига асос солган. Ушбу сулола атиги 22 йил ҳукмронлик қилган бўлса-да, фан ва маданиятни қўллаб-қувватлаган ҳомийлар сифатида тарихда муносиб из қолдирган.


Маъмуний хоразмшоҳлар Аббосийлар даврида, хусусан халифа Маъмун (813–833) даврида шаклланган илмий-маърифий анъаналарни давом эттиришга интилганлар. Саройда етук олимлар ва шоирлар жамланиб, илмий ва адабий ижод учун қулай шароит яратилган. Турли фан соҳаларига оид бой кутубхона ташкил этилиб, маҳаллий ва хориждан келган олимлар иштирокида илмий мажлислар ва мушоиралар ўтказилган.

 

Натижада Гурганж шаҳрида ўзига хос илмий академия шаклланган.


Гарчи Хоразм Маъмун академияси Маъмунийлар сулоласининг қисқа ҳукмронлиги сабабли Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма” миқёсига етмаган бўлса-да, унда фаолият юритган олимларнинг илмий салоҳияти жиҳатидан бу марказдан кам эмас эди. Академияда Абу Райҳон Беруний, унинг устози, йирик математик ва астроном Абу Наср ибн Ироқ, буюк табиб ва файласуф Абу Али ибн Сино, Абу Саҳл Масиҳий, Абу-л-Хайр Хаммор каби машҳур алломалар илмий изланишлар олиб борганлар.

 

Мазкур илмий муҳитни шакллантиришда хоразмшоҳлар билан бир қаторда уларнинг яқин аъёнлари ҳам муҳим роль ўйнаган. Жумладан, Али ибн Маъмун (997–1009) даврида вазирлик қилган Абу Ҳусайн Аҳмад Саҳлий юксак маърифат ва фалсафий тафаккур эгаси бўлган. Абу Али ибн Сино кимё ва тиббиётга оид айрим рисолаларини айнан шу вазирга бағишлагани бежиз эмас.

 

Хоразм Маъмун академиясида фаолият юритган олимлар илмий анъаналарини Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма”да Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий ва бошқа марказий осиёлик алломалар асос солган илмий мактаб билан боғлаш мумкин. Ушбу анъаналар Х–ХII асрларда Хоразмда муносиб давом эттирилган.

 

Хоразм Маъмун академияси 1017 йилда Ғазна ҳукмдори Маҳмуд Ғазнавий томонидан Хоразм эгаллангунга қадар фаолият кўрсатди. Шунга қарамай, қисқа вақт ичида бу илмий марказ жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирди.

 

 

“Тиб қонунлари”нинг ХIV асрга оид иброний тилидаги таржимаси


Академия фаолияти даврида яратилган асарлар, хусусан, Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” ва “Китоб аш-шифо” асарлари асрлар давомида Шарқ мамлакатларида кенг ўрганилиб, Европада бир неча бор нашр этилди.

 

 

 

1494 йилда Ҳиротда кўчирилган “Китоб аш-шифо” қўлёзмаси

 

Бугунги кунда ушбу асарларнинг ноёб қўлёзмалари ва қадимий нашрлари, жумладан “Тиб қонунлари”нинг ХIV асрга оид иброний тилидаги таржимаси ҳамда 1494 йилда Ҳиротда кўчирилган “Китоб аш-шифо” қўлёзмаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Биринчи Ренессанс даври” экспозициясининг айнан Хоразм Маъмун академияси учун ташкил этилган алоҳида капсуласида намойиш этилмоқда. Марказ экспозициясидаги бундай ёндашув эса жаҳон цивилизацияси асоси бўлган Хоразм Маъмун академияси ҳақида бутун дунёга янада кенгроқ тарғиб қилишга хизмат қилади.

 

Шаҳноза Раҳмонова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин