Экспозициядан ўрин олган Бибихоним либоси: унда қандай сирлар яширинган?

 

 

15 нафар канизак кўтарган либос. Қимматбаҳо тошлар билан безалган бош кийим. Давлат қудратини ифодалаган қизил ранг. Бу Темурий малика – Бибихоним (Сароймулкхоним) сарой либоси. Ушбу тарихий образ бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида қайта тикланиб, ўрта асрлар сарой маданиятининг яширин маъноларини очиб бермоқда.


Сароймулкхоним Темур салтанатида ўта юксак мавқега эга бўлган. Унинг кийимидаги ҳар бир элемент – мато танловидан тортиб, то рақамнинг жойлашувигача – аёлнинг амалий ва маънавий нуфузини ифодаларди. Бибихоним либоси кўп қаватли тузилиши билан ажралиб, ҳар бир қават ўзига хос маъно ва вазифани мужассам этган. Аввало, оқ ипакдан тикилган кўйлак – поклик ва насаб поклигининг рамзи бўлиб, аёл танасига энг яқин қават сифатида руҳий ҳимоя вазифасини бажарган. Унинг устига кийиладиган рангли, узун кўйлак – “пирохан” сарой аёлининг обрў-эътиборидан дарак бериб, ўсимликсимон нақшлари ҳаёт, барокат ва етуклик мақомининг белгиси сифатида қабул қилинган.

 

Бибихоним либосининг энг кўзга кўринган қисми — зарбоф матодан тикилган устки чопон бўлиб, бу чопондаги нақшлар нафақат эстетик безак, балки ҳимоя, куч-қудрат ва сулола давомийлиги рамзи сифатида ўрта асрлардаги маърифий маънога эга бўлган. Елкага ташланадиган ипак шоллар ва яқинлар эса нафосат, тантана ва юксак мақомни бир вақтнинг ўзида ифода этган.


Унинг бош кийими эса алоҳида эътиборга лойиқ. Бибихонимнинг баланд, цилиндрсимон бош кийими марварид, лаъл ва феруза тошлар билан безалган бўлиб, бу Темурийлар салтанатидаги “Катта хоним” мақомининг энг очиқ рамзи ҳисобланган. Шундай бош кийимни фақат Чингизий насабининг энг юксак вакили, салтанатда сиёсий нуфузга эга аёлларгина кийиши мумкин бўлган. Бош кийимга ўраладиган ипак шоллар ва орқа томонга туширилган нозик мато қатламлари унинг нафосатини янада кўтарган.

 

Техника фанлари доктори, халқаро мода олами вакили, профессор Холида Комилова Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси учун Амир Темур ва Бибихоним либослари устида иш олиб борди.  


Бунда профессор миниатюра ва кейинчалик ишланган расмлардан ҳамда испаниялик сайёҳ Руи Гонзалес де Клавихо ёзиб қолдирган манбаларга таянгани ҳақида тўхталиб ўтди: 

 

— Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси учун Амир Темур ва Бибихонимнинг шоҳона либосларини яратдик. Бунда аниқ асосланган илмий манбаларга таянганмиз. Унда Амир Темурнинг тўни, камари ва либосларидаги нақшлар, улар қандай маъно англатишини билишимиз керак эди. Шуларни инобатга олган ҳолда санъатшунослар ва олимлар билан либослар устида иш олиб бордик. Клавихонинг ёзишича, Бибихонимнинг бош кийимида қимматбаҳо ва рангдор тошлар бўлган, либоси оғирлигидан унинг ортидан 15 нафар қиз кўмаклашиб юрган. Марказ очилгандан сўнг ҳам, экспозиция учун Темурий маликаларнинг шу каби кўплаб либосларини доимий тарзда  тақдим этиб борамиз. Бизнинг цивилизациямиз юксак. Буни кенг жамоатчиликка, дунё ҳамжамиятига кўрсатишимиз учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази минбар вазифасини ўташи бизни мамнун қилади.  

 

 

Бибихоним либоси матолари ҳам юқори табақага хос ноёб тўқималардан тайёрланган. Ипак, бахмал ва камка асосий материал сифатида танланган. Камка – зар ип билан тўқилган қимматбаҳо мато бўлиб, ўрта асрларда фақат ҳукмдор ва сарой аъзолари учун ишлатилган. Бу матоларнинг ҳар бири ўша даврдаги иқтисод, саноат ва ҳунармандчиликнинг юксак даражада ривожланганидан далолат беради.

 

Либосдаги тошлар ва тақинчоқлар ҳам катта маънавий-символик аҳамиятга эга.


Марварид – поклик ва олий насаб рамзи бўлса, лаъл куч-қудрат ва матонатни, феруза эса ёмон кўздан ҳимояни англатган. Бибихонимнинг юрак устидаги марваридли тақинчоқ, пешонасидаги лаъл ва елкасидаги феруза барчанинг диққатини тортиб, унинг бошқа аёллардан мутлақо фарқли мақомига ишора қилган.

 

Қизил ранг эса Бибихоним либосининг марказий ғоявий ўқи. Шарқ тамаддунида қизил – давлат қудрати, тантана, кучли ирода ва зафар рамзи. Шу боис Бибихоним расмий маросимлар ва дипломатик қабулларда асосан қизил ва зарбоф элементли либос кийгани манбаларда қайд этилади.

 

Бугун Марказ экспозициясида Бибихоним образининг қайта тикланиши илмий манбалар, “Зафарнома” миниатюралари, этнографик таҳлиллар ва рангшунослик тадқиқотларига асосланган ҳолда амалга оширилган. Экспозициядаги қайта тикланган либос нафақат аёл зийнати, балки Темурийлар сарой маданиятининг руҳини жонлантиради. Унинг либоси тарихий ҳужжатдек қимматли бўлиб, ҳар бир қатламида сулола қудрати, маданий мерос ва Бибихонимнинг бетакрор шахсияти ўз ифодасини топган.

 

Шу тариқа, Бибихоним либоси – бу оддий кийим эмас, балки ўтмишдан суҳбатдек жонли, қудратли ва маънавий бойликка эга тарихий меросдир. У Темурийлар даврининг зийнати, сарой эстетикасининг юксак намунаси ва ўзбек миллий либос маданиятининг тамал тоши сифатида юртимиз маданий меросида ўчмас ўрин тутади.