Катта Лангар Қуръони ноёб қўлёзмаси илк бор тўлиқ тикланиб, факсимиле нашрда тақдим этилди

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда тарихий хотирани тиклаш, маънавий меросни асраб-авайлаш ва уни илмий асосда ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида ислом дунёсидаги энг қадимий ва ноёб ёзма манбалардан бири — Катта Лангар Қуръони илк бор илмий жиҳатдан тўлиқ ўрганилиб, тарқоқ саҳифалари бирлаштирилди ва факсимиль нашр сифатида жаҳон жамоатчилигига тақдим этилди. Бу қўлёзманинг қайта жонланиши нафақат тарих, балки миллат маънавияти учун ҳам улкан аҳамият касб этади.

 

Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тарихий меросни тиклаш, миллат маънавиятини юксалтириш ва маърифий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган янги босқични бошлаб берди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан қадимий ёзма манбаларни излаш, уларни сақлаш, тадқиқ этиш ва оммалаштириш миллий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

 

Ана шундай муҳим ташаббуслар доирасида дунё Қуръон қўлёзмалари орасида алоҳида ўрин тутадиган Катта Лангар Қуръонининг ҳар томонлама ўрганилиши, тарқоқ саҳифаларини илмий асосда жамлаш ва факсимиль нашрини тайёрлаш ишлари амалга оширилди.

 

Катта Лангар Қуръони асрлар давомида шаклланган, турли тарихий воқеалар ва тақдирларни ўз ичига олган нодир ёзма манба ҳисобланади. Илк бор ягона қўлёзма сифатида яратилган бу Қуръон кейинчалик турли мамлакат ва марказларга тарқаб кетган. Шу боис, унинг ҳар бир саҳифаси алоҳида тарих, алоҳида йўл ва тақдирни ўзида мужассам этган.

 

Қарийб минг йил давомида ушбу саҳифалар муқаддас омонат сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келган. Айрим даврларда йўқолган, айрим ҳолларда эса тасодифан қайта топилган бу варақлар нафақат диний, балки халқ маънавияти, ислом маданияти ва цивилизациялар ўртасидаги маърифий алоқалардан далолат берувчи тарихий далил сифатида баҳоланади.

 

Қўлёзма она қорнидаги бузоқ терисидан тайёрланган пергаментга ҳижозий хат услубида битилган. Бу услуб ислом хаттотлиги тарихида энг қадимий ва ноёб йўналишлардан бири ҳисобланади. 2000 йилда Нидерландиядаги Гронинген университетида ўтказилган радиокарбон таҳлиллари саҳифаларнинг милодий 975–995 йилларга мансублигини илмий жиҳатдан тасдиқлади. Мазкур натижалар қўлёзманинг ҳақиқийлиги ва тарихий қийматини шубҳасиз асослаб берди.

 

Қуръоннинг “Катта Лангар” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида жойлашган Катта Лангар қишлоғи асрлар давомида Ишқия тариқати шайхлари фаолият юритган муҳим маънавий марказ бўлган. Бу ҳудудда зиёратгоҳлар, масжид ва мақбаралар жойлашган бўлиб, улар диний-маърифий ҳаётда катта ўрин тутган.

 

Тарихий жараёнлар натижасида қўлёзманинг катта қисми XIX аср охири — XX аср бошларида Россия империяси томонидан Туркистон ўлкасидан олиб чиқилган. Бугунги кунда Катта Лангар Қуръонининг 81 саҳифаси Санкт-Петербургда, 17 саҳифаси эса Тошкент, Бухоро ва Самарқандда сақланмоқда.

 


Сўнгги йилларда Ўзбекистон Маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) мутахассислари томонидан ушбу саҳифалар саккиз йил давомида изланиб, ўрганилиб, суралар тартибига мувофиқ қайта жамланди. Натижада қўлёзманинг илк бор тўлиқ факсимиль нашри яратилди.

 

Факсимиль нашрда ҳар бир саҳифанинг ранги, хат услуби, нуқсонлари ва ҳатто тарихий тузатишлари асл нусхага максимал даражада яқин ҳолда тикланган. Шу билан бирга, ўзбек тилидаги таржиманинг киритилиши нашрнинг маърифий аҳамиятини янада оширди.

 

2022 йил ноябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи доирасида Лувр музейида ташкил этилган “Ўзбекистон воҳаларининг мўъжизалари” кўргазмасида Катта Лангар Қуръонининг тикланган саҳифалари жаҳон жамоатчилигига намойиш этилди. Бу воқеа Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий нуфузини халқаро миқёсда янада юксалтирди.

 

Мутахассислар таъкидлашича, ушбу қўлёзма тарих, хаттотлик, тафсиршунослик, китобшунослик, археология ва маданий антропология учун бебаҳо манба ҳисобланади. Катта Лангар Қуръонининг қайта тикланиши миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани мустаҳкамлаш ва келажак авлодга маънавий мерос қолдириш йўлидаги амалий қадамдир.

 

Дурдона Расулова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин