Европани уйғотган Шарқ илмлари сири марказ экспозициясида очилмоқда

 

 

“Биринчи Ренессанс даври” бўлими. 2-капсула “Байт ул-Ҳикма”

 

Бугун бутун дунё илм-фан тарихига янгича нигоҳ билан қарамоқда. Алгебранинг асосини яратган, Ернинг шакли ва осмон жисмлари ҳаракатини илмий исботлаган алломалар айнан Ўзбекистон заминидан етишиб чиққанини халқаро илмий жамоатчилик тобора кенг эътироф этяпти. Ислом цивилизацияси марказидаги “Биринчи Ренессанс даври” бўлими эса Хоразмий ва Фарғоний каби буюк мутафаккирлар бош бўлган Шарқ уйғонишининг илмий қудратини жонли экспозициялар орқали намоён этиб, инсоният тараққиёти қандай пойдевор устига қурилганини очиб беради.

 

Ана шу илмий муҳит Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Биринчи Ренессанс даври” бўлимида кенг ва мазмунли ёритилган. Бўлимнинг иккинчи капсуласи Бағдоддаги машҳур "Байт ул-Ҳикма" (Донишмандлар уйи)га бағишланиб, у орқали ислом оламида юз берган илмий уйғонишнинг моҳияти очиб берилади.

 

 

Байт ал-Ҳикма макети

 

IX асрда Аббосийлар халифалиги даврида ташкил этилган Байт ул-Ҳикма кутубхона, таржима маркази, илмий тадқиқот ва илмий мулоқот майдони сифатида фаолият юритган. Халифа Ҳорун ар-Рашид даврида асос солинган ушбу маскан Халифа ал-Маъмун замонида ўзининг энг юксак тараққиёт чўққисига кўтарилди. Юнон, ҳинд, форс ва сурёний тиллардаги фалсафий ҳамда илмий асарлар араб тилига таржима қилиниб, математика, астрономия, тиббиёт, география ва фалсафа фанлари жадал ривож топди.


Байт ул-Ҳикмага Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий раҳбарлик қилган. Муҳаммад ал-Хоразмий (783–850) аниқ ва табиий фанлар ривожига беқиёс ҳисса қўшиб, ўзининг оламшумул кашфиётлари билан жаҳон илм-фани тараққиётига пойдевор қўйди. Унинг 20 дан ортиқ асари турли фан соҳаларига бағишланган бўлиб, у алгебра фанининг асосчиси сифатида тан олинган.

 

 

Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий илмий меросига бағишланган қисм

 

Хоразмийнинг “Ал-Жабр ва-л-муқобала” (“Тўлдириш ва қарши қўйиш ҳақида китоб”) асарида алгебра илк бор чизиқли ва квадрат тенгламаларни ечишнинг умумий қонун-қоидаларига эга бўлган мустақил фан сифатида шакллантирилди. Шунингдек, Хоразмий раҳбарлигида 70 дан ортиқ олим дунё харитасини тузиш устида иш олиб борган бўлиб, ушбу хариталар мажмуаси тарихда “Маъмун дунё харитаси” номи билан машҳур бўлган.

 

 

Аҳмад Фарғоний илмий меросига бағишланган қисм

 

Байт ул-Ҳикмада фаолият юритган яна бир буюк олим - Аҳмад Фарғоний бўлиб, у Европада Альфраганус номи билан танилган. Аҳмад Фарғоний араб, сурия, рим, форс ва миср халқларининг йилномаларини чуқур ўрганиб, улар тақвимларидаги фарқларни илмий жиҳатдан таҳлил қилган. У эклиптиканинг экваторга оғиш бурчагини аниқлаб, II асрда яшаган Птолемей ўлчовларига нисбатан анча аниқ натижаларга эришган. Илк бор сайёраларнинг диаметри ва уларнинг Ердан энг узоқ масофасини ҳисоблаб чиққан, Ернинг шарсимон шаклда эканини илмий жиҳатдан исботлаган.

 

Фарғонийнинг “Устурлоб билан ишлаш китоби” асарида Птолемейнинг стереографик проекция ҳақидаги назарияси, яъни устурлоб тўғрисидаги теорема илмий асосда исботланган. Тахминан 856 йилда Қоҳирада ёзилган ушбу асарда сферик тригонометрия ҳисоб-китобларидан фойдаланилиб, Ернинг шакли ва ҳажми ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. 861 йилда эса у Қоҳирадаги Равза оролида жойлашган нилометрни таъмирлаб, уни тубдан такомиллаштирган.

 

 

Нилометр макети

 

Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида нилометрнинг макети намойиш этилиб, марказида устун ва ўлчов шкаласига эга бўлган тўртбурчак қудуқ орқали сув сатҳини юқори аниқлик билан ўлчаш жараёни ёритилган. Шунингдек, капсула марказида жойлаштирилган катталаштирилган устурлоб макети ўрта аср астрономияси ва илмий тафаккурининг юксак даражасини яққол намоён этади. Аҳмад Фарғонийнинг устурлобга бағишланган рисолалари эса мазкур асбобнинг назарий асосларини мукаммал очиб берган.

 

Байт ул-Ҳикма орқали антик даврнинг илмий мероси сақланиб қолиб, кейинчалик Европа Ренессансига етиб борди. Шу боис у нафақат ислом олами, балки бутун инсоният тарихидаги энг муҳим илмий марказлардан бири сифатида эътироф этилади. Афсуски, 1258 йилда мўғуллар Бағдодни босиб олганида Байт ал-Ҳикма вайрон қилиниб, кўплаб нодир қўлёзмалар йўқотилди.

 

Бугунги кунда ана шу буюк мерос қайта жонланмоқда. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, илм-маърифат ва маданиятга қаратилаётган юксак эътибор ана шу буюк илмий анъаналарнинг мантиқий давомидир. Ислом цивилизацияси марказида намоён этилаётган бой мерос Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдевори барпо этилаётганидан, Хоразмий ва Фарғонийлар бошлаб берган илмий йўл изчил давом этаётганидан далолат беради.

 

Шаҳноза Раҳмонова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин