Бобурийларнинг ноёб сарой ханжарлари илк бор кенг жамоатчиликка намойиш этилмоқда
Бобурийлар даврида қуролсозлик фақат жанговар эҳтиёж билан чекланмаган, балки ҳукмдорлик рамзи, сарой диди ва сиёсий мавқеини ифодаловчи муҳим бадиий соҳалардан бирига айланган. Айниқса, ханжар дасталари — қуролнинг энг кўзга ташланадиган қисми сифатида — алоҳида эътибор билан ишланган.
Нефрит, фил суяги, қимматбаҳо тошлар ҳамда ҳайвон шакллари Бобурийлар сарой маданиятига хос эстетик қарашларни ифода этган. Шу боис бундай дасталар кўпинча маросим қуроли, ҳадя ёки мақом белгиси сифатида хизмат қилган.
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида сақланаётган Бобурийлар даврига оид ханжар дасталари ана шу анъананинг турли бадиий ечимларини яққол намоён этади. Уларнинг барчаси Ҳиндистонда XVII–XVIII асрларда яратилган бўлиб, WOSCU тўпламига мансуб нодир экспонатлар ҳисобланади.
Ханжар дастаси. Ҳиндистон, Бобурийлар даври, XVII-XVIII аср. Муляж 16 см
Биринчи ханжар дастаси 16 сантиметр баландликда бўлиб, ҳайвон боши шаклида ишланган. Фил суягидан ясалган ушбу буюмда шакл соддалиги ва умумий силует асосий ўрин тутади. Чўзилган бўйин ва стилизация қилинган бош қисми қудрат, ҳушёрлик ва назорат рамзи сифатида талқин қилинади. Табиий ранг сақланган ҳолда ишлангани эса дастани ортиқча безакларсиз, аммо мазмунан бой санъат асарига айлантирган.
Ханжар дастаси. Ҳиндистон, Бобурийлар даври, XVII-XVIII аср. Муляж 13 см
Иккинчи ханжар дастаси 13 сантиметр бўлиб, у ҳам фил суягидан ишланган. Унда ҳайвон образи янада аниқ ифодаланган: бош қисми юмалоқ, кўз ва тумшуқ чизиқлари равшан ўйилган. Пастки қисмнинг кенгайган шакли дастанинг қўлга маҳкам ўрнашишини таъминлайди. Бу эса Бобурийлар усталарининг эстетика билан бирга амалий жиҳатларни ҳам пухта ҳисобга олганини кўрсатади. Бундай дасталар, одатда, сарой маросимларида тақилган.
Ханжар дастаси. Ҳиндистон, Бобурийлар даври, XVII-XVIII аср.
Учинчи — шер шаклидаги ханжар дастаси Бобурийлар даври бадиий тош ўймакорлигининг энг нафис намуналаридан бири ҳисобланади. Нефритдан ишланган, тахминан 11 сантиметр баландликдаги бу даста нафақат эстетик, балки рамзий жиҳатдан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Рустам Жабборов, Марказ Илмий котиби:
– Шер образи тасодифий танланмаган. Бобурийлар иконографиясида шер ҳукмдорлик, жасорат ва олий ҳокимият рамзи ҳисобланган. Дастанинг юқори қисми шер боши шаклида ишланиб, оғзи очиқ ва нигоҳи олдинга қаратилган. Кўзларига ўрнатилган рангли тошлар эса асарга жон бағишлаб, сарой санъатига хос ҳашаматни кучайтиради.
Техник жиҳатдан ҳам даста жуда мураккаб ишланган. Бундай буюмлар оммавий фойдаланиш учун эмас, балки сарой доираси ёки юқори мартабали шахслар учун мўлжалланган.
Ушбу уч экспонатни бирлаштирувчи жиҳат — улар орқали Бобурийлар даврида қуролга бўлган муносабат яққол намоён бўлади. Ханжар бу даврда ҳимоя воситасидан ташқари, ҳокимият, эстетик дид ва сиёсий мавқенинг кўринадиган белгиси сифатида қабул қилинган.
Бугун ушбу ханжар дасталарининг Ислом цивилизацияси марказида сақланаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Улар Бобурийлар даври Ҳиндистонидаги сарой санъати, қуролсозлик маданияти ва бадиий тафаккур даражасини бевосита асл буюмлар орқали ўрганиш имконини беради. Шу жиҳатдан мазкур экспонатлар нафақат қурол тарихининг, балки XVII–XVIII асрлар ҳукмдорлик маданиятининг ҳам ноёб моддий ва визуал ифодаси ҳисобланади.
Лайло Абдуқаххорова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа