Буюк Британиядан келтирилган йўлбарс қиёфасидаги каллиграмма Тошкентда!

XVII аср охирига оид ноёб каллиграммада ҳарфлар жонланиб, қудратли йўлбарс тимсолига айланган. Бугун ушбу бетакрор асар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилиб, ислом хаттотлик санъатида матн, образ ва рамз қандай қилиб бир бутун эстетик тизимга айланганини яққол намоён этмоқда.
Каллиграмма — ёзув санъатининг энг мураккаб ва нозик йўналишларидан бири бўлиб, унда ҳарфлар фақат маъно ташувчи белгилар эмас, балки мустақил визуал образ сифатида намоён бўлади. Бу услуб Шарқ хаттотлик анъанасида ёзув ва тасвир ўртасидаги чегарани йўқотиб, матнни эстетик ва рамзий маънога эга бадиий шакл даражасига кўтарган.
Каллиграммада ҳар бир сатр йўналиши, ҳарфларнинг эгилиши, зичлиги ва бўшлиқлар мувозанати олдиндан аниқ ҳисобланади. Шу боис бундай асарлар нафақат ўқилади, балки том маънода “кўрилади”.

Каллиграмма. Мир Али Ҳиравий услубида. Ҳирот, XVII аср. Қоғоз, зарҳалланган, 38 × 26,4 см
Ушбу санъатнинг энг юксак намуналари шарқ хаттотлигида Мир Али Ҳиравий номи билан боғлиқ мактабда шаклланган. XV–XVI асрларда Ҳирот муҳитида фаолият юритган бу буюк хаттот настаълиқ хатини мукаммал меъёрларга солиб, ёзувни мустақил санъат даражасига олиб чиққан. Шу сабабли кейинги асрларда яратилган кўплаб каллиграммалар “Мир Али Ҳиравий услубида” деб баҳоланган. Бу таъриф муайян муаллифликдан кўра, юксак бадиий анъанага мансубликни англатади.
Ана шундай анъананинг ёрқин намунаси бўлган XVII аср охирига оид каллиграмма бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Иккинчи Ренессанс даври бўлимида очиқ экспозицияда намойиш этилмоқда. Асар Сафавийлар даврига мансуб бўлиб, Бухоро ёки Ҳирот муҳитида яратилгани илмий жиҳатдан қайд этилган. Ушбу даврда хаттотлик китоб безаги билан чекланмай, сарой маданияти ва юқори эстетик тафаккурнинг муҳим ифодаси ҳисобланган.
Экспозицияда тақдим этилган каллиграммада олдинга одимлаётган йўлбарс тасвири ифодаланган бўлиб, унинг бутун гавдаси араб ёзувидаги ҳарф ва сўзлардан шакллантирилган. Асар оддий тасвир эмас, балки матн ва образ уйғунлигига асосланган мураккаб бадиий ечимдир. Йўлбарснинг танаси, оёқлари ва думи эгри ва чўзилган ёзувлар орқали берилган бўлиб, ҳарфларнинг ритмик жойлашуви ҳайвон ҳаракати ва ички кучини ҳис эттиради. Бош қисмида ёзув зичроқ ишлангани марказий диққат ва салобатни янада кучайтиради.
Бундай санъат асарлари – каллиграммаларда одатда Аллоҳнинг исмлари, дуо ёки қудрат ва ҳимоя мазмунидаги иборалар қўлланади. Матн мазмуни йўлбарс тимсоли билан уйғунлашиб, рамзий маъно ҳосил қилади. Исломий ва хусусан Бобурийлар даври санъатида йўлбарс қудрат, жасорат, ҳокимият ва ҳарбий куч рамзи сифатида қабул қилинган. Тасвир атрофидаги гул ва ўсимлик нақшлари эса барака, ҳаёт ва тартиб ғояларини ифода этади.
Асар зарҳалланган қоғозда бажарилган бўлиб, рангли бўёқлар ва олтин сувидан фойдаланилган. Бу эса каллиграмманинг юқори мақомли буюртма асосида яратилганини кўрсатади. Композиция қизғиш ва яшил рангли рамкалар билан чегараланган, ички майдон ўсимликсимон нақшлар ва майда зарҳал арабесклар билан тўлдирилган. Бу безаклар ёзув ритмини кучайтириб, бутун асарни ягона визуал тизимга бирлаштиради.
Марказ Илмий котиби Рустам Жабборовнинг таъкидлашича, асарнинг орқа томонида настаълиқ хатида қора сиёҳ билан ёзилган, булутлар орасига жойлаштирилган 12 қатор диагонал каллиграфик матн мавжуд.
– Бундай ечим ХVII аср китобат санъатида кам учрайди ва юқори маҳорат талаб қилади. Юқори қисмдаги қора муҳр изи ҳамда икки томонлама ҳошияланган рамка асарнинг расмий муомалада бўлганини, эҳтимол, сарой ёки юксак мартабали буюртма асосида яратилганини кўрсатади, – дейди Рустам Жабборов.
Каллиграмманинг ноёблиги унинг бадиий даражаси билангина чекланмайди. Асар Буюк Британиянинг Sotheby’s ва Christie’s каби дунёнинг энг нуфузли халқаро аукционлари орқали аниқланган, экспертизадан ўтказилган ва шундан сўнг Марказ экспозициясига олиб келинган. Бу ҳолат унинг халқаро санъат бозорида юқори баҳолангани ва тарихий қиймати шубҳасиз эканини тасдиқлайди.
Бугун мазкур каллиграмманинг кенг жамоатчиликка тақдим этилиши муҳим маданий воқеадир. Асар XVII аср охиридаги ёзув санъати, эстетик тафаккур ва бадиий меъёрларни бевосита манба орқали ўрганиш имконини берувчи қимматли тарихий ҳужжат сифатида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Лайло Абдуқаххорова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа