Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинасидан хабардормисиз?

 

"Янги Ўзбекистон - янги Ренессанс пойдевори" экспозицияси

 

Олтин медаллар, стартаплар, қамраб олинган миллионлаб лойиҳалар… Бу тасодифми ёки чуқур ўйланган давлат сиёсати натижасими? Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ташкил этган куч ортида Янги Ренессанс пойдевори қўйилаётгани ростми?

 

Бугун Ўзбекистон аҳолисининг  60 фоизини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бу рақам оддий статистика эмас, балки мамлакат келажагини белгиловчи улкан куч ва салоҳиятдир. Шу боис Янги Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишига айланган. Чунки барқарор тараққиёт, миллатнинг эртанги куни ва Учинчи Ренессанс пойдевори айнан билимли, ижодкор ва ташаббускор ёшлар билан чамбарчас боғлиқ.


Сўнгги йилларда ёшларнинг қалбида санъатга меҳр уйғотиш, уларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш йўлида улкан ишлар амалга оширилди. Бугун республика бўйлаб 840 та маданият маркази, 219 та “Баркамол авлод” болалар мактаби ва 10 мингдан ортиқ умумтаълим мактабларида 93 мингдан зиёд тўгараклар фаолият юритмоқда. Ушбу ижод масканларига 12 миллион 400 минг нафар ёшлар жалб этилгани бежиз эмас. Маҳалладан республика даражасигача беш босқичда ўтказиладиган “Беш ташаббус олимпиадаси” эса 13 миллиондан ортиқ ёшларнинг истеъдодини кашф этиш ва намоён қилиш учун кенг майдонга айланди.

 

 

Бу ерда Ўзбекистон ёшлари ва спортчилари ютуқларини акс эттирувчи динамик видеоматериаллар намойиш этилган


Ёшларнинг куч-ғайрати ва иродаси спорт майдонларида ҳам ёрқин намоён бўлмоқда. 

 

2024 йил Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон тарихда илк бор 90 нафар спортчи билан 19 та спорт тури бўйича қатнашди. Натижада 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаль қўлга киритилиб, мамлакатимиз умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Паралимпия ўйинларида қўлга киритилган 26 та медаль эса Ўзбекистон спорт тарихидаги энг юқори натижа сифатида қайд этилди. 

 

Футбол бўйича миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига илк бор йўлланма олиши, U-17 терма жамоасининг Осиё кубогидаги ғалабалари ёшлар спортида янги давр бошланганини яққол кўрсатмоқда.

 

Рақамли технологиялар ва IТ соҳасида яратилган имкониятлар эса ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини дунё миқёсида намоён этмоқда. IТ Парк резидентлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми бир неча баробар ошиб, IТ хизматлар экспорти 140 миллион долларга етди. 

 

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси, сунъий интеллект бўйича олий таълим дастурларининг жорий этилиши, ёш дастурчилар учун грант ва субсидиялар ажратилиши рақамли авлодни шакллантириш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлди. Ўзбекистон ёшларининг халқаро робототехника ва киберспорт мусобақаларидаги ютуқлари ушбу ислоҳотларнинг амалий самараси эканини тасдиқлайди.

 

 

Бу ерда Олимпия медаллари ҳамда Янги Ўзбекистоннинг фаол ёшлари акс этган. Бўш катаклар келгусида янги ютуқлар билан тўлдириб борилади.

 

Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳам эътибордан четда қолмади. “Маърифат карвони” тадбирлари доирасида миллионлаб китоблар ёшлар қўлига етказилди, “Ёш китобхон” танлови орқали минглаб истеъдодли ёшлар кашф этилди. Аудио ва электрон китобларнинг кенг жорий этилиши эса мутолаани замонавий ва оммабоп жараёнга айлантирди.

 

Хотин-қизлар бандлиги ва ижтимоий фаоллигини ошириш борасида эришилган натижалар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Минглаб янги иш ўринлари яратилди, хотин-қизлар учун имтиёзли кредитлар, грантлар ва таълим квоталари жорий этилди. “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси орқали минглаб қизлар IТ, сунъий интеллект ва «яшил» иқтисодиёт йўналишларида ўз стартап ғояларини ҳаётга татбиқ этмоқда.


Шу билан бирга, ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилди. Таълим тизимидаги туб ислоҳотлар натижасида мактабгача ва олий таълим қамрови сезиларли даражада ошди, юзлаб ёшлар дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда. 

 

Стартапларни қўллаб-қувватлаш, венчур сармоялар ва “Ёшлар бизнеси” дастурлари орқали минглаб ёшлар ўз меҳнати эвазига барқарор даромад манбаига эга бўлиш имкониятини қўлга киритди.

 

Шарофат Юнусова, Марказ илмий ходими:

 

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс пойдевори” бўлимида намойиш этилаётган “Ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси” экспозицияси ана шу ғоянинг ҳаётдаги амалий ифодасидир. У сўнгги йилларда ёшлар учун яратилган имкониятлар, кенг қамровли ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар манзарасини бир бутун ҳолда очиб беради.


Мазкур экспозиция Янги Ўзбекистонда ёшлар келажак ва бугуннинг ҳал қилувчи кучи эканини, Учинчи Ренессанс пойдевори айнан билимли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшлар томонидан барпо этилаётганини билан намоён этади.

 

Шаҳноза Раҳмонова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин