“Марказ гаджетлар авлоди учун айни муддао” – “Rosatom” бош директори

 

 

Россиянинг атом энергияси бўйича йирик корпорацияси – “Rosatom”  делегацияси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилган Шарқ цивилизациясининг ўрта асрлардаги илмий-амалий ютуқлари, машҳур қомусий алломаларнинг ҳаёти ва ижоди, қўлёзмалар анъанаси ҳамда рангтасвир мактаби ҳақидаги экспозициялардан мамнун бўлишди.

 

Делегация аъзолари Марказ музейининг “Исломдан аввалги давр” Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига оид экспозициялар, хусусан, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Улуғбек Мирзо, Абу Наср Форобий, Бобур Мирзо каби буюк мутафаккирлар мероси, уларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ва Марказдаги интерактив материаллар билан яқиндан танишди. 

 

 

Экспозициялардаги рақамли панеллар, 3D реконструкциялар, мультимедия намойишлари ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланилгани делегация аъзолари томонидан юқори баҳоланди.

 

Ташриф давомида “Rosatom” корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв Марказни “Ўзбекистоннинг тарихий мероси, маданияти ва илм-фани юксак даражада намоён бўлган фундаментал иншоот” сифатида баҳолар экан, шундай деди:

 

“Бу ерда нафақат архитектура ва бинонинг ички композицияси, балки умумий ғоя ҳам Ўзбекистон тарихи ва маданиятининг қудрати ҳақида гувоҳлик бериб турибди. Марказ мустаҳкам илмий асосга эга, ҳар бир экспозиция чуқур таҳлил қилинган ва катта меҳр билан яратилган. Шарқ цивилизацияси, хусусан, ўзбек олимлари инсоният илм-фанига улкан ҳисса қўшган. Математика, астрономия, тиббиёт, фалсафа каби йўналишлардаги асосий билимлар айнан шу заминда шаклланган.


Бу музей замонавий авлод учун мослашган — биз гаджетлар орқали тезкор маълумот олишга ўрганиб қолган авлодмиз. Марказ шу талабга жавоб беради, ёшлар учун айни муддао, яъни интерактивлик, шахсий изланиш ва қизиқишни рағбатлантиради. Миллий либосда виртуал портрет яратиш имконияти эса ёшлар учун жуда қизиқ албатта. Ўзбекистон бугун инновациялар ва очиқлик сиёсати билан ажралиб туради. Бу ерда келажак авлод — билимга чанқоқ, замонавий фикрлайдиган, Ватанини севувчи ёшлар тарбияланади.”