Британиядан Ўзбекистонга қайтган ўзбек санъатининг бебаҳо дурдонаси музейда

 

 

Қуш шаклидаги кўза. Марказий Осиё, XIII-XIV асрлар

 

Буюк Британиядаги нуфузли DAVID AARON галереясидан Ўзбекистонга олиб келинган қуш шаклидаги сопол кўза Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг энг бебаҳо ва мазмунли асарларидан бирига айланди. XIII–XIV асрларга оид ушбу ноёб артефакт Марказий Осиё кулолчилик санъатининг юксак бадиий ва фалсафий даражасини, Амир Темур даврида шаклланган ҳунармандчилик мактабларининг бебаҳо меросини яққол намоён этади.

 

XIII–ХIV асрларга оид мазкур ноёб артефактнинг шаклий ечими, ранглар уйғунлиги ва нафис безаги ўша давр кулолларининг юксак техник маҳорати, композицион диди ва чуқур фалсафий қарашларини намоён этади. Амир Темур даври нафақат сиёсий қудрат, балки илм-фан, меъморчилик, санъат ва амалий ҳунарларнинг жадал равнақ топган даври сифатида тарихда алоҳида ўрин тутади. Айнан шу даврда гиламдўзлик, ёғоч ўймакорлиги, зардўзлик, мисгарлик ва тош ўймакорлиги билан бир қаторда кулолчилик санъати ҳам янги босқичга кўтарилди. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива ва Кўҳна Урганч каби шаҳарлар ҳунармандчиликнинг йирик марказларига айланган.

 

Археологик топилмалар бу ҳудудларда кулолчилик техникаси, шаклий ечимлар ва безак маданиятининг юқори даражада бўлганидан далолат беради. Буюк Британиядаги дунёда ўз нуфузига эга DAVID AARON галереясидан олиб келинган бу артефакт ана шундай юксак бадиий муҳит маҳсулидир.

 

 

Артефактдаги қуш образи бежиз танланмаган. Марказий Осиё санъатида у қадимдан қуш — руҳ озодлиги ва юксалишга интилиш, парвоз — билим ва камолот сари ҳаракат, сопол эса инсон меҳнати ва ер билан боғлиқлик рамзидир. Демак, бу буюм инсоннинг илоҳий ва дунёвий олам ўртасидаги уйғун боғлиқлигини ифодалайди. 

 

Рустам Жабборов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Илмий котиби: 

 

– Мазкур асар полихром техникада, яъни бир неча рангдаги бўёқлардан фойдаланилган ҳолда ишланган. Бу услуб ХIII–ХIV асрларда Мовароуннаҳр ҳудудида кулолчилик санъатининг энг илғор ютуқларидан бири бўлган. Қизил, оқ ва кўк рангларнинг уйғунлиги буюмга нафислик ва жонлилик бахш этади. Шу билан бирга, бу ранглар чуқур рамзий маънога эга: оқ ранг поклик ва маънавий тозаликни, кўк ранг самовийлик ва илоҳийликни, қизил ранг эса ҳаёт, қувват ва жўшқинликни англатган. Ранг ва шакл уйғунлиги кўзани нафақат эстетик жиҳатдан жозибадор, балки маънавий мазмунли санъат асарига айлантирган”.


Манбаларга кўра, ХIII–ХIV асрларда бу ҳудудда бир неча кулолчилик мактаблари шаклланган бўлиб, Самарқанд мактаби нафис нақш ва сир билан, Бухоро мактаби геометрик безакларга бойлиги билан, Хоразм мактаби эса ҳайвон ва қуш шаклидаги идишлар ясашдаги маҳорати билан ажралиб турган.

 

Тадқиқотчиларнинг фикрича, ушбу кўза айнан Хоразм кулолчилик мактаби руҳини эслатади. Бу услуб кейинчалик бошқа ҳудудларга ҳам тарқалиб, умумий ўзбек кулолчилик анъаналарининг ажралмас қисмига айланган. 

 

Шарқ кулолчилик санъатининг қадимий намунаси бўлган ушбу қуш шаклидаги кўза Ислом цивилизацияси марказининг “Иккинчи Ренессанс” даври бўлимида намойиш этилмоқда. Бу кўза нафақат ўтмиш маданиятини ўрганиш учун, балки замонавий Ўзбекистон учун ҳам рамзий аҳамиятга эга. Қадим усталар томонидан яратилган ҳар бир буюм халқнинг интеллектуал салоҳияти ва эстетик тафаккури маҳсули бўлиб, бугунги авлодни ҳам илҳомлантиради.