Европа илмий инқилобининг пойдевори бўлган Фарғоний устурлоби Ўзбекистондаги мега лойиҳа экспозициясида!

 

Устурлоб. Марказий Осиё. Металл. Диаметри: 74.4 см

 

Голландиядан махсус олиб келинган устурлоб — оддий музей экспонати эмас, балки асрлар оша саёҳат қилган илм дурдонасидир. Бир вақтлар осмон сирларини очган, намоз вақтларини белгилаган ва қитъалар ўртасида илм кўприги бўлган бу бебаҳо асбоб бугун Марказ музейида инсоният тафаккурининг юксак даражасини намоён этмоқда.

 

Голландиядан махсус олиб келинган устурлоб — марказий экспозициянинг энг муҳим экспонатларидан бири. 

 

Устурлоб инсоният тарихидаги энг қадимий ва муҳим илмий асбоблардан бири ҳисобланади. Унинг баъзи элементлари милоддан аввалги II асрда юнон олими Ҳиппарх томонидан яратилган бўлса-да, унинг мукаммал шакли IX асрдан бошлаб илм-фан муҳитида ривожлантирилган.

 

 

Хоразмий, Аҳмад Фарғоний ва бошқа буюк олимлар устурлобнинг назарий ва амалий асосларини такомиллаштириб, уни астрономик ҳисоб-китобларда, намоз вақтларини аниқлашда, қибла йўналишини белгилашда ва географик масофаларни ҳисоблашда кенг қўллашган.

 

Ислом маданияти орқали устурлоб Европага етди. Иберия яриморолидан Англия ва Голландиягача тарқалган бу илм Европанинг илмий инқилобига таъсир кўрсатди. Европа устурлобларининг қурилиш қоидалари Фарғонийнинг илмий меросига асосланарди. 

 

– Бу ҳолат ҳар қандай азимутли айланалар учун тўғри. Юнон олимлари Алмукантар айланаларини ишлаб чиққан, лекин уларнинг устурлоблари тўлиқ эмас эди. Буюк астроном олим, математик, географ Фарғоний эса устурлоб ясаш учун аниқ математик исботлар ва сонли жадвалларни ҳам тақдим қилган. Шу боис Европа устурлоби қурилиши асосан Фарғонийнинг қоидаларига таянган, – деди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Фахриддин Ибрагимов.

 

 

Марказ музейининг “Биринчи Ренессанс даври” бўлими экспозицияда намойиш этилаётган замонавий устурлоб XVI асрда Бельгиянинг Лёвен шаҳрида ясалган машҳур намуна дизайнидан илҳомланган. Орқа томонида анъанавий араб устурлобларига хос тўртбурчак блоклар сақланиб, замонавий функциялар — узунликни тузатиш ва вақт тенгламаси киритилган. Диаметри — 18 см. Қизиқарли жиҳати шундаки, Ер оғиши сабабли машҳур Антарес юлдузи жойлаштирилмаган, унинг ўрнига Чаён буржидан Дшубба юлдузи киритилган.

 

Марказ экспозициясидан ўрин олган бу каби асбоблар Марказий Осиё олимларининг инсоният тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссасини очиб беради.