Нақшбандия силсиласининг ноёб қўлёзмаси Ўзбекистонда!

 

 

Буюк Британиядаги нуфузли DAVID AARON галереясидан олиб келинган Нақшбандия тариқати силсиласига оид қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази коллекциясини бойитди. Бу артефакт тасаввуф таълимотининг глобал исломий маконда тутган ўрнини ёрқин намоён этади.

 

Ислом тасаввуфи тарихини англашда ўта муҳим манбалардан бири бўлган Нақшбандия тариқати силсиласини акс эттирувчи қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида сақланмоқда. Буюк Британиядаги дунёда ўз нуфузига эга DAVID AARON галереясидан олиб келинган бу артефакт фақатгина диний таълимот ёки шайхлар исмларининг кетма-кетлиги эмас, балки асрлар давомида шаклланган маънавий мерос, руҳий ҳокимият ва илмнинг узвий давомийлигини ифодаловчи ноёб тарихий ҳужжатдир. 

 

Айниқса, қўлёзманинг XVII–XVIII асрларга, яъни Усмонийлар даврига мансублиги Нақшбандия тариқатининг Марказий Осиё доирасидан чиқиб, бутун ислом оламида кенг тарқалганини илмий жиҳатдан тасдиқлайди. Тасаввуф анъанасида “силсила” тушунчаси алоҳида маънавий мазмунга эга. У устоздан шогирдга ўтадиган фақат билим ёки таълимотни эмас, балки руҳий ҳолат, ахлоқий масъулият ва илоҳий йўлга садоқатни ҳам ўз ичига олади. 

 

Мазкур қўлёзмада Нақшбандия тариқатининг силсиласи Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в)дан бошланиб, саҳобалар, машҳур авлиёлар ва тасаввуф пешволари орқали Баҳоуддин Нақшбанд ва ундан кейинги шайхларгача узлуксиз тарзда келтирилган. Бу ҳол Нақшбандия таълимотининг энг муҳим тамойилларидан бири — руҳий узвийлик ва анъанага содиқлик ғоясини яққол намоён этади. 

 

Тариқат аҳли назарича, силсила узилган жойда маънавий ишонч ҳам заифлашади. Шу сабабли бундай қўлёзмалар фақат тарихий манба сифатида эмас, балки муқаддас руҳий мерос сифатида асраб келинган. Қўлёзманинг Усмонийлар даврига тегишлилиги унинг тарихий қийматини янада оширади. XVII-XVIII асрларда Усмонийлар давлати ислом оламида нафақат сиёсий, балки диний-маънавий марказ сифатида ҳам етакчи ўринни эгаллаган. Ана шу муҳитда Нақшбандия тариқатининг кенг тарқалиши тасаввуфнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрнини кўрсатади. 

 

Маълумки, Усмонийлар даврида кўплаб уламолар, давлат арбоблари ва ҳарбий зотлар Нақшбандия тариқатига мансуб бўлган ёки унинг руҳий таъсири остида яшаган. Демак, мазкур силсила қўлёзмаси Нақшбандия таълимотининг фақат шахсий руҳий камолот билан чекланиб қолмаганини, балки ижтимоий ва сиёсий жараёнлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ бўлганини тасдиқловчи муҳим далил ҳисобланади. 

 

Қўлёзманинг араб тилида битилгани ҳам чуқур маънога эга. Араб тили ислом илм-фанининг асосий тили сифатида тасаввуфий манбаларда кенг қўлланилган. Силсила каби умумий аҳамиятга эга ҳужжатларнинг араб тилида ёзилиши унинг бутун ислом оламида қабул қилиниши ва тушунилишига хизмат қилган. Бу орқали Нақшбандия тариқати маҳаллий доирадан чиқиб, глобал исломий маконда ўз ўрнини мустаҳкамлаган. Шу маънода, қўлёзма тил танлови орқали ҳам тариқатнинг умумисломий характери намоён бўлади.

 

 

Нақшбандия тариқатининг силсиласи. Усмонийлар давлати. XVII–XVIII асрлар. Араб тилида

 

Артефактнинг ташқи кўриниши ва хаттотлик услуби ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Қўлёзма анъанавий исломий хаттотлик қоидалари асосида, ниҳоятда тартибли ва мутаносиб шаклда битилган. Исмлар кетма-кетлиги, сатрлар орасидаги мувозанат ва умумий композиция силсила мазмунининг муқаддаслигини таъкидлайди.

 

Тасаввуф анъанасида ёзув шунчаки ахборот етказиш воситаси эмас, балки руҳий ҳолат ва ички ихлоснинг ифодаси ҳисобланган. Шу боис силсила каби муҳим матнлар ҳар доим катта эҳтиром ва маънавий масъулият билан кўчирилган.

 

Хусрав Ҳамидов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими: 

 

– Нақшбандия бошқа кўплаб тариқатлардан фарқли ўлароқ баланд овозда зикр қилиш ўрнига “зикри хуфя” (овоз чиқармай махфий зикр этиш) ва кундалик ҳаётда кўп эзгу амалларни тарғиб қилган. Силсилада номлари келтирилган шайхлар фақат тариқат пешволари эмас, балки жамиятда фаол ўрин тутиб, илм ва маърифат фидойилари бўлган. Араб тилида ёзилган шажара Ҳасан Разоий Нақшбандийдан бошланиб, Ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.)га бориб тақалади. Юсуф Ҳаққий, Хожаи Калон, Хожаи Аҳрор каби уламолар номлари келтирилган. Бағдодлик, бухоролик олимлар силсилага қўшилган. Қўлёзмада шажарадан кейин тариқат билан боғлиқ уч кичик сарлавҳада матнлар ҳам мавжуд. Қўлёзманинг ёзилиш санаси маълум эмас. Шажарада турли миллатлар вакиллари борлиги нақшбандия тариқати бағрикенгликни тарғиб қилувчи ва халқларни бирлаштирувчи йўналиш эканини кўрсатади. Нақшбандия тариқати айнан “Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин!” шиори билан бутун дунёга ёйилган ва бу ҳикмат бугунги кунда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

 

Бугунги кунда бу артефакт ислом цивилизацияси тарихини чуқур ўрганишда муҳим илмий манба сифатида хизмат қилмоқда. У орқали Нақшбандия тариқатининг географик тарқалиши, тарихий ривожи ва маънавий тизимини кенгроқ англаш мумкин. 

 

Бундай қўлёзмалар миллий ва умуминсоний маънавий меросни қайта кашф этиш, уни илмий асосда тадқиқ қилиш учун алоҳида аҳамият касб этади.

 

 

Лайло Абдукаххарова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин